Apple iPad Pro 9.7: компьютерга қарши майдонга тушган планшет

Apple iPad Pro 9.7: компьютерга қарши майдонга тушган планшет

Тақдим этилган вақти: 2016 йил, 21 Март

Ишлаб чиқарувчи:  Apple корпорацияси

iPad Pro 9.7 – такомиллашган операцион тизим, сермаҳсул процессор ва юқори сифатли дисплейни мужассам қила олган жаҳоннинг энг яхши флагман планшети. Pro 12.9 планшетидан фарқли равишда, iPad Pro 9.7 янада ихчам ва енгил ва ундан арзон нархда сотувга чиқарилди. Планшет билан бирга эълон қилинган илғор “қаламча” ва “ақлли клавиатура” қурилманинг имкониятларини янада оширади.

iPad Pro 9.7’нинг комплекти планшет, зарядлаш қурилмаси ҳамда гаджетни компьютер билан улайдиган кабелдан иборат.

Дизайн

MacBook Pro, iPod Classic, iPhone каби гаджетларни таҳлил қилиб, Apple фойдаланувчиларга доимо муносиб технологияларни тақдим этиши ҳақида хулоса ясаш мумкин.

9.7 дюймли iPad Pro планшети ташқи кўринишидан “iPad Air”ни эслатади. Бир хил ўлчам ва оғирлик. Фақат янги қурилма корпусининг орқа қисмидаги камера Air’ники каби дўмпайиб чиқмаган.

Шунингдек, алюминийдан тайёрланган корпуснинг чап ёнида 3 та нуқта шаклидаги индикатор мавжуд. У қурилмага Apple’инг Smart Connector’и ёрдамида уланувчи ажраладиган клавиатуранинг уланганлигини кўрсатиб туради.

Планшет корпусининг юқори қисмидан 3.5 мм анъанавий аудио коннектор, ўчириб-ёқиш, тизимдан чиқиш тугмаси ўрин эгаллаган.

Корпуснинг ўнг ёнида шовқин даражасини пасайтирувчи махсус микрофон, овозни бошқариш тугмачаси ва кичик ҳажмдаги SIM карта учун бўлмача мавжуд.

Янги iPad Pro 9.7’да илк маротаба «оч пушти тилларанг» талқиндаги корпус тақдим этилди. Бу талқин кўпчиликка маъқул бўлди. Айниқса, хотин-қизларга.

iPad Air’дан яна бир фарқи – унинг орқа корпусидан ўрин олган антенна қисми энди пластик эмас, алюминий метали билан ёпилган, бу ерда энди фақатгина оқ ҳошия мавжуд.

Шунингдек, илғор планшетдаги динамиклар сони ҳам 2 га кўпайиб, энди гаджет корпусининг юқори ва пастки томонида 2 тадан, жами 4 та стерео технологияси жорий қилинган карнай мавжуд. Бу эса унинг аудио узатиш тизимини янада такомиллаштирди, овоз диапазони кенгайди.

Планшет ўлчамлари

Кўриб турганингиздек, корпус ўлчами 9.7 дюйм. Планшет энига 240 мм, ёнига 169.5 мм бўлиб, унинг корпус қалинлиги 6.1 мм. Қурилма оғирлиги 437 грамм. Унинг Wi-Fi/LTE’га талқини 444 грамм тош босади. Қўлга олар экансиз, енгиллигидан кафтингизда бутун бошли компьютер ўрнини босувчи аппарат турганига ишонгиз келмайди.

Samsung Galaxy Tab S2

Pro 9.7 ҳамда унинг рақиби бўлмиш Samsung Galaxy Tab S2 9.7’нинг ўлчамларини солиштириб кўрсак, Samsung Galaxy Tab S2 ҳам 9.7 дюйм. Унинг баландлиги  237.3 мм, эни 169 мм, корпус қалинлиги 5.6 мм. Оғирлиги эса 392 грамм.

Экран

Pro 12.9 айни пайтда жаҳондаги энг юқори пиксель сиғими (2732×2048)га эга планшет. Pro 9.7  Retina IPS экранининг пиксель сиғими эса 2048×1536. Air 2 ҳамда Pro 9.7 дисплейини солиштириб кўрадиган бўлсак, янги планшетнинг дисплейи илғор, юқори даражадаги ёрқинликка эга.

Ранг-тасвир узатиш даражаси, ҳавосиз қатламли дисплей, оптималлаштирилган иловалар жамланмаси эвазига бунга гувоҳ бўлиш мумкин. Дисплей шиша ҳимоя қатламига эга.

Pro 9.7 планшетида илк маротаба TrueTone функцияси татбиқ этилди. У планшет экранига тушаётган ташқи ёруғлик даражасини таҳлил қилиб, экраннинг оқ тус балансини автоматик равишда созлайди. Олд камерага ўрнатилган FaceTime HD функцияси эса суҳбат чоғида вазиятдан келиб чиқиб экраннинг тасвир узатиш сифатини яхшилайди.

NightShift созламаси эса автоматик равишда тун маҳалида ранг ва ёруғлик кўзни оғритмаслиги учун илиқ ранглар гаммасини ишга туширади.

Янги дисплейнинг яна бир муҳим жиҳати — DCI  ҳамда sRGB ранг спектрларини уйғунлаштирган. Натижада, дисплейда акс этувчи ранглар улуши 25 фоизга ошган.

Pro 9.7 планшети дисплейида 3D Touch технологияси татбиқ қилинмаган.

Операцион тизим

Планшет iOS 9.3 операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатади. Операцион тизимда шрифт шакли, кўп функцияли экран, илова ҳамда интерфейс қулайликлари янада ошган. Тизим илғорликлари фойдаланувчига кўп қулайликлар яратади.

Фойдаланувчилар мазкур планшетда iPad Pro/Mini 4’да бўлгани каби iOS 9 билан боғлиқ юзага келаётган иловаларни ўқишдаги носозлик, аккумулятор фаолияти, Wi-Fi муаммолари хусусида шикоят қилишмоқда. Уни тез орада  iOS 10’га ҳам янгилаш имконияти яратиб берилади.

iPad Pro’нинг Touch ID технологияси бармоқ изларини тизимга кириш учун унутилмас махфий калитга айлантиради. Қурилма тизимини бармоқни теккизиш орқали қулфлаш мумкин.

Планшет тизимининг катта камчилиги сифатида планшетда ўрнатиш мумкин бўлган иловаларнинг чекланганлиги айтилмоқда.

Платформа

Ички ўзгаришларга тўхталадиган бўлсак, Apple тақдим этган сўнгги планшет Apple A9X процессори, 256 ГБ.гача хотира сиғими билан таъминланди. Шунингдек, унинг экрани ҳам Apple Pencil илғор қаламчасини қўллаб-қувватлайди. “Pro”, яъни “такомиллашган” деган ёрлиқ ўзини оқлаяпти.

Анъанага мувофиқ, Apple ишлаб чиқараётган барча қурилмалар илк 1-йилда юқори тезлик ва самарадорликда ишлайди.

Планшетда 2 ядроли, 2.16 ГГц частота тезлигида ишлайдиган,  64 битли Apple A9X процессори ўрнатилган. Унда график-тасвир сифати учун PowerVR Series 7 график процессори жавоб беради. Pro 9.7 планшетининг оператив хотираси 2 ГБ. Ички доимий хотира 32/128/256 ГБ талқинларда ишлаб чиқарилмоқда. Планшетда алоҳида Card slot хотирани кенгайтириш бўлмачаси мавжуд эмас.

Қувват манбаи

Аккумуляторнинг электр токи сиғими 7306 мА соатни ташкил қилади. Яъни, Air 2’ники билан бир хил. Аммо бу аккумулятор Pro 9.7’га узоқроққа етади. Янги планшет бу қувват билан тахминан 10% кўпроқ ишлайди. Бу процессорнинг энерготежамкор экани натижасидир. Ўртача, яъни кунига 2 соатдан фойдаланган тақдирда, планшетни ҳафтада 1 маротаба тўла қувватлаш мақсадга мувофиқ. Бу қувват билан планшет 10 соат узлуксиз ишлай олади. Аккумулятор 4 соатда тўла қувват олади.

Камера

Одатда смартфон ва планшет ишлаб чиқарувчи компаниялар планшет камерасига у даражада катта эътибор қаратишмайди. Эҳтимол, улар планшетда сурат ёки видео тасвирга олишни муҳим ҳисоблашмаса керак. Аммо, Apple бу қарашларни рад этиб, Pro 9.7’да iPhone 6S’ники каби, диафрагмаси F/2.2 бўлган 12 МП камера модулини татбиқ этган. Фақат Pro 9.7’да оптик барқарорлаштириш тизими мавжуд эмас. Бироқ планшетда олинган суратлар ҳам 6s олган расмлар билан беллаша олади. Лекин, суратлар 6s’нинг ихчам дисплейида юқори сиғимли кўринса, Pro 9.7’нинг катта экранида у қадар аниқ-тиниқ намоён бўлмайди.

Pro 9.7 айни пайтгача жаҳон миқёсида намойиш этилган планшетлар орасида энг яхши “сураткаш” ҳисобланади. Шундай бўлса ҳам, унинг ички шароитда олган суратлари у қадар эмас. Унинг 5 МП олд камераси эса селфи олишда беқиёс.

iPad’ларнинг барчаси ҳам видео қўнғироқларни амалга оширишда устасифаранг эмас. Аммо, айтиш мумкинки, Skype орқали ўрнатилган видео мулоқот чоғида Pro 9.7 ўзининг қолган “аждодлари”га нисбатан кучли эканини намойиш қилади. Эҳтимол, бу Skype’нинг iOS тизими учун янада такомиллаштирилагин учундир.

Видео тасвир ёзишда iPad Pro 9.7 максималь сиғимли, яъни 4k видео ёзади. Шу билан бирга, унда slow-mo режимида, частота тезлиги 120 к/с бўлган FHD ёки 240 к/с бўлган HD тасвир ҳам ёзиш мумкин.

Коммуникация

Планшет алоқа тармоғининг WLAN (2G/3G/LTE), Wi-Fi 802.11 a/b/g/n/ac, dual-band, Bluetooth v4.2, A2DP, EDR, GPS, A-GPS, GLONASS (Wi‑Fi + LTE модели учун), NFC (фақат Apple Pay тўловлари учун) технологияларида фаолият кўрсатади.

Планшетда радио мавжуд эмас. Планшетда USB  v2.0 ҳамда магнит коннекторлар мавжуд.

Муҳим жиҳатлари

Pro 9.7’га қўшимча равишда  99 доллардан сотувга чиқарилган Apple Pencil “ақлли қаламча”ни қўлга олишингиз билан силлиқ дисплейда бирор нима ёзиш, чизиш истаги пайдо бўлади. Бунинг учун Procreate иловаси ёрдамга келади. Биз бу қурилмани стилус деб аташни лозим топмадик. Боиси, унинг имкониятлари юқори. Уни зерикканлар ва рассомликка иштиёқи борлар учун восита дейиш мумкин. Мисол учун, бирор суратни қўйиб, унинг устидан қалам юргизиш мумкин.

Бошқа бир қўшимча аксессуар бу – Apple Keyboard, яъни клавиатурадир. Ундаги клавишлар оралиғи кенг ва унда ёзиш жуда осон. Унинг ёрдамида планшет инновацион лаптопга айланиб қолади. Бу қурилма онлайн дўконда $139.99 АҚШ долларидан сотилмоқда.

У Pencil ва клавиатура ёрдамида персонал компьютернинг ўрнини босишга ҳам даъво қилмоқда. Мутахассислар Apple’нинг бу «даъвоси»га шубҳа билан қарашмоқда. Бунинг бош сабаблари сифатида iPad Pro’да сичқонча ва трекпад – қўл билан тегиб буйруқ бериш панелининг йўқлиги айтилмоқда.

Шунингдек,  iPad Pro 9.7’да бармоқ излари сканери, акселерометр, гироскоп, компас, барометр сенсор-датчиклари,IMessage, электрон почта, HTML5 браузери (Safari), Siri виртуал ёрдамчи, ICloud булут хизматлари, аудио/ видео/ фото таҳрирлаш, ҳужжат билан ишлаш тизим ва функциялари мавжуд.

Нарх-наво

iPad Pro 9.7’нинг 32 ГБ доимий ички хотирага эга талқини айни кунда Amazon онлайн дўконида етказиб бериш харажатлари билан бирга $498.35, 128 ГБ $725.00, 256 ГБ талқини $893.0 доллардан сотилмоқда. Экпертлар қурилмага қўйилган нарх даражасини 10 дан 9 баллга баҳолашмоқда.

Хулоса

Олдинги модел билан солиштириб кўрганда iPad Pro 9.7 планшети муносиб гаджет бўлиб туйилади. Яхшиланган процессор, экран технологияси, 4 та динамик, аккумлятор фаолиятининг 10 фоизга ошгани, сифатли камера жаҳоннинг энг кучли планшетида мужассам. Танловни яна ўз истагингизга қўйиб берамиз.

Хулоса

iPad Pro 9.7

9.8балл

iPad Pro 9.7 – такомиллашган операцион тизим, сермаҳсул процессор ва юқори сифатли дисплейни мужассам қила олган жаҳоннинг энг яхши флагман планшети. Pro 12.9 планшетидан фарқли равишда, iPad Pro 9.7 янада ихчам ва енгил ва ундан арзон нархда сотувга чиқарилди.

Дизайн

Платформа

Операцион тизим

Камера

Аккумулятор

Қўшимча функциялар

Қаердан сотиб олиш мумкин?

www.olx.uz $750 Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • 4K юқори сиғимли Retina дисплей
  • iOS 9 илғор операцион тизими
  • A9X сермаҳсул процессори
  • 12/5 МП сифатли камера
  • Узоққа чидайдиган аккумулятор
  • Илғор клавиатура ва қаламча

 Камчилиги

  • Нархнинг жуда баландлиги
  • Хотирани кенгайтириб бўлмаслиги
  • Қўшимча иловалар ўрнатишнинг чеклангани
  • iOS 9 билан боғлиқ носозликлар
  • USB Type-C универсал коннекторининг йўқлиги
Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.