Бармоқ изи сканери 4K-дисплей остига жойланган илк смартфон!

  •   DiMaX
  •  2008
  •  27.07.2017 11:44

Бармоқ изи сканери 4K-дисплей остига жойланган илк смартфон!

Sharp компанияси ҳозирда ромсиз смартфонларнинг иккита модели устида ишламоқдаБугина эмас, балки у яна Aquos S2 ультрафлагманини ҳам тақдимотга тайёрлаяпти, деб ёзади PhoneArena нашри.

Янги «эгизак»лар

Айтиш керакки, мазкур ишлаб чиқарувчи бунгача – ҳали экранларнинг ромсиз бўлиши трендга айланмасидан анча олдин ҳам Aquos Crystal ромсиз смартфонларини ишлаб чиқарган.

Хуллас, ҳозир Sharp кодли номланиши FS8016 ҳамда FS8010 бўлган иккита қурилмани яратмоқда. Ҳар иккала смартфон ҳам 1080x2048 пиксел сиғимли ва диагонали 5,5 дюймли дисплейга эга бўлади. Уларнинг камераси қўшалоқ модулли (12 Мп + 8 Мп), тезкор хотираси ҳажми эса 6 гигабайтга тенг бўлиши айтилмоқда. Ўзаро фарқи эса процессордадир: FS8016 кодли моделига Snapdragon 660 процессори, FS8010’га эса Snapdragon 330 процессори ўрнатилади.

Бироқ Sharp’нинг тақдимотлари булар билан тугамайди...

Sharp яна биринчи!

Компания Aquos S2 русумли ультрафлагман чиқаришни режалаштирмоқда. Мазкур девайс қўшалоқ камерага ҳамда 4K сифатли дисплейга эга. Қизиғи шундаки, унда бармоқ изи сканери дисплейнинг тагига жойлаштирилади.

5,5 дюймли 4K-панелни Sharp 2015 йилиёқ тақдим этган ва уни ишлаб чиқаришни бултур бошлашни режалаштирган эди. Аммо молиявий томондан юзага келган қийинчиликлар сабабли мазкур лойиҳани амалга ошириш бу йилга қолганди.

Айтиш керакки, бугунги кунда кўпчилик ишлаб чиқарувчилар дактилоскопик сканерни дисплей остига жойлашга қодирлар. Бироқ уларни мазкур ишдан тўхтатиб турган омил шуки, бундай сканерни ишлаб чиқариш жараёни анчагина мураккаб. Бошқача қилиб айтганда, бармоқ изи сканери экран остига жойлаштирилган миллионлаб смартфонларни ишлаб чиқариш қийин кечади. Sharp эса, одатда, ўз смартфонларини фақат Япония ҳудудидагина савдога чиқаради, шу боис бу борада унда муаммо келиб чиқмаса керак.

 Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, юқоридаги маълумотлар ҳақиқатга анча яқин ва Sharp компанияси тўлақонли 4K-дисплей ҳамда унинг остида дактилоскопик сканер жойлаштирилган илк смартфонни яқин орада тақдим этиши мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!