Дастурлаш чемпионатига марҳамат!

  •   DiMaX
  •  1045
  •  15.03.2017 16:38

Дастурлаш чемпионатига марҳамат!

Белоруссия Давлат ахборот ва радиоэлектроника университети жорий йилнинг 31 мартидан 28 апрелига қадар дастурлаш бўйича БДАРУ очиқ чемпионати – «BSUIR Open»ни ўтказади. Мазкур танлов дастурлаш бўйича мамлакатдаги энг йирик мусобақа ҳисобланиб, унда хорижлик дастурчилар ҳам иштирок этишади, деб ёзади университет портали.

Хабарда айтилишича, чемпионатга БДАРУ талаба ва магистрантлари, МДҲ мамлакатларининг олий ўқув юртлари талабалари ва умумтаълим муассасаларининг ўқувчилари таклиф этилади.

Мусобақа 3 босқичда бўлиб ўтади:

  • биринчи саралаш босқичи (сиртқи чорак финал) – 31 март – 3 апрель;
  • иккинчи саралаш босқичи (кундузги-сиртқи ярим финал) – 6 апрель;
  • Чемпионат финали – 26-28 апрель.

Унда иштирок этиш учун БДАРУ иштирокчилар жамоалари 02.04.2017 (бошқа университетлар жамоалари – 04.04.2017) санасигача рўйхатдан ўтишлари лозим. Буни қандай амалга ошириш бўйича маслаҳатларни эса +99897-999-62-65 рақами орқали бизнинг менежеримиздан олишингиз мумкин.

Чемпионат қоидаларига кўра, чорак финал босқичи БДАРУ жамоалари ва мактаб жамоалари учун мажбурий ҳисобланади. Беларусь Республикасидаги ҳамда МДҲ мамлакатлардаги бошқа олий ўқув юртлари жамоалари эса бирйўла иккинчи – ярим финал босқичига таклиф этилади; унда жамоалар чемпионат топшириқларини ўз таълим муассасалари базасида бажаришади.

Кейинги – финал босқичига эса, ярим финалда энг яхши натижаларни намоён этган 42 та жамоа ўтади; аммо бунда жамоаларнинг сонига чеклов мавжуд. Жумладан, четдан ташриф буюрувчилар – ҳар бир олий ўқув юртидан кўпи билан иккита жамоа финалга чиқиши мумкин.

«BSUIR Open» чемпионати ACM-олимпиадалар қоидаларига кўра ўтказилади. Финалда қатнашчиларга 8 тадан 12 тагача топшириқ берилади, уларни 5 соат мобайнида ечиш лозим бўлади. Топшириқлар инглиз тилида тузилган, шу боис қоғоз (китоб) шаклидаги луғатлардан фойдаланишга рухсат этилади.

Дастурлаш бўйича БДАРУ очиқ чемпионати аллақачон анъанавий тусга кириб улгурган ва унда хорижлик талаба-ёшлар ҳам катта қизиқиш билан иштирок этиб келишмоқда. Жумладан, 2016 йили унда рекорд даражада – 333 та жамоа қатнашган. Улар орасида Россия, Украина, Литва, Латвия, Польша ва Қозоғистон талаба-ёшлари ҳам бўлган.

Умид қиламизки, бу йилги чемпионатда ўзбекистонлик ёш дастурчилар ҳам иштирок этиб, юқори ўринларни қўлга киритишади. Зеро, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Г.В. Плеханов номидаги РИУнинг Тошкент филиали, МДУнинг Тошкент филиали, Тошкент халқаро вестминстер университети ва бошқа олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшларимиз дастурлаш бўйича ҳам ҳеч кимдан кам эмаслигимизни намоён эта оладилар.

Чемпионат ҳақидаги батафсил маълумот, топшириқларнинг шартлари шунингдек, ўтган йиллар натижалари билан acm.bsuir.by порталида танишиш мумкин. Барча қизиқувчиларни мазкур танловда иштирок этишга ва Ватанимиз номини шарафлашга чақириб қоламиз.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!