Эксперт фикри: LG G6 тўғрисида илк таассуротлар

Эксперт фикри: LG G6 тўғрисида илк таассуротлар

LG компаниясининг навбатдаги G6 флагманини тақдим қилгани тўғрисида кеча хабар берган эдик. 2016 йилда тақдим қилинган G5’нинг муваффақиятсизлигидан хулоса чиқарган компания бу гал ишни пишиқ қилган кўринади. Таниқли журналист, инсайдерлар LG G6’дан фойдаланиб, флагман тўғрисидаги илк таассуротларини ўртоқлашдилар. Фикрлар турлича, аксарияти ижобий.

digitaltrends.com, Малария Гокей: «Умуман олганда, LG G6 таҳририятимиз аъзоларида яхши таассурот қолдирди — кучли ва яхши ечимга эга смартфон. Айниқса, фойдаланувчи интерфейси қулай ишлаб чиқилган. Бу ажойиб флагман. Тўғри, унда баъзи бир етакчи гаджетларга хос ҳамма жиҳатни ҳам учратиш қийин, мисол учун биз 2017 йилнинг илғор процессорини кутган эдик. Бироқ, яхши жиҳати — йирик ва юқори сифатли экрани. Шунингдек, бир қўлда ҳам фойдаланиш мумкинлиги».

androidpolice.com, Давид Руддок: «LG G6 2017 йил учун бир оз ғалати қурилма бўлиши мумкин. Бу кимгадир HTC U Ultra’ни эслатса, ажабланмайман. Уни тушунишим учун яна бир муддат фойдаланиб кўришим керак. G6 — супер телефон демоқчи эмасман, аммо фойдаланувчи эҳтиёжини қондирадиган даражада яхши. Уни таққослаш учун Samsung ва Apple’нинг янги флагманлари тақдимотини кутамиз. Тахминимча, LG учун бу йилги рақобат ҳам осон кечмайди».

theverge.com, Сэм Буфурди: «LG G6 аввалги “ақлли телефон”ларга нисбатан илғор ва пухталик билан ўйланган смарфтон. Аммо G6 учун янада кўпроқ жиҳатлар татбиқ қилиш мумкин эди. Бозорда ғолиб бўлиш учун LG’нинг мобиль бўлинмаси бир қадам олдинда юришга мажбур. Мен шунчаки мусиқани мириқиб тинглаш, видеони маза қилиб томоша қилиш мумкин бўлган қурилмани кўриб турибман. Тўғри, бу компания қурилмалари орасида энг зўри, аммо унинг рақибларининг смартфонлари орасида эмас».

venturebeat.com, Жордан Новет: «LG G6 бошқа Android-смартфонлар билан солиштирганда, дизайн жиҳатдан бекаму кўст. Бугунги рақобатни инобатга олиб айтиш мумкинки, G6 йил давомида тақдим этиладиган флагман смартфонлар орасида энг яхшиларидан бири бўлади. Шунингдек, Samsung Galaxy S8 билан ҳам рақобатга кириша олади».

engadget.com, Ричард Лай: «G6 билан ўтган қисқа муддатли “тиллашувим” давомида шунга амин бўлдимки, LG компанияси “ақлли” ёндашув қилганига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Бу жуда кучли ва ўзига хос қурилма. Бу — амалий жиҳатдан юқори салоҳиятли ва янгича жиҳатларга эга гаджет. Ундаги FullVision технологиясидаги дисплей — смартфон бозорида узоқ кутилган илмий ютуқ. Ҳеч нарса мукаммал бўлмаганидек, G6’да ҳам бошқа Аndroid’ларда йўқ қайсидир жиҳатлар йўқ, албатта».

mashable.com, Стан Шройдер: «LG G6 йирик экранли, баъзи технологик хусусиятларга эга чиройли смартфон. Аммо бу мени ўзига мафтун эта олмади. Албатта, бунинг учун эҳтимол менга вақт керакдир. Ҳозирса эса, LG супер флагман яратганига шубҳам бор».

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!