Facebook’да тарқалган туҳматга Давлат солиқ қўмитаси ойдинлик киритди

  •   DiMaX
  •  479
  •  22.04.2019 09:42

Facebook’да тарқалган туҳматга Давлат солиқ қўмитаси ойдинлик киритди

2019 йил 20 апрель куни Facebook ижтимоий тармоғида «Наманган шаҳрида Солиқ инспекцияси ходимлари тадбиркорни ҳужжатини қўшни кафеда тафтиш қилмоқда!» мазмунида хабар тарқалган эди. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати мазкур хабарда келтирилган ҳолатларни ўрганиб, унга ўз муносабатини билдирди.

ЎҚИНГ: Facebook гаджетларидаги сирли «Масонлар битиклари» фойдаланувчиларни чўчитиб юборди

Мазкур ҳолат масъул мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилди. 2019 йил 20 апрель куни Наманган шаҳар давлат солиқ инспекцияси «Қўшимча даромадларни аниқлаш ва ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бўлими» жисмоний шахслар билан ишлаш шўъбаси Давлат солиқ катта инспекторлари А.Саматов ва Н.Каримовлар томонидан Наманган шаҳар, «Ҳақиқат» МФЙ, Бобуршоҳ кўчаси, 88-уйда жойлашган, фуқаро Ҳ.Раҳмоновга тегишли савдо шохобчасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, солиқ тўловчини паспортлаштириш тадбири ўтказилган.

Маълум бўлишича, ҳалол тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва шаффофлигини таъминлаш учун кўмак кўрсатиш мақсадида тушунтириш ишлари олиб борилган.

Паспортлаштириш – текшириш эмас! У давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун асос бўладиган кўздан кечириш далолатномаси расмийлаштириладиган профилактик тадбир. Бунда солиқ тўловчининг молия-хўжалик фаолиятига аралашишга, яъни текширишга йўл қўйилмайди.

Кўрсатиб ўтилган важлар махсус гуруҳ томонидан ўрганилганда ўз тасдиғини топмади. Давлат солиқ хизмати ходимлари ҳамда тадбиркор ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик содир бўлмаган.

Муаллиф ва мавзу юзасидан қолдирилган постда ДСХО ходимларининг обрўсизлантириш ва туҳмат қилиш аломатлари борлиги маълум бўлди. Давлат солиқ қўмитаси фуқароларнинг тизимига оид таклиф-мулоҳаза ва фикрларини қадрлайди ҳамда соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда жамоатчилик билан ҳамкорлик қилишга доим тайёр, лекин фақат туҳмат билан эмас!

Эслатиб ўтамиз, ёлғон маълумот етказиш, туҳмат белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади, дейди ДСҚ Матбуот хизмати.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонлик Facebook фойдаланувчиси бўҳтони учун жиноий жавобгарликка тортилади

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.