Facebook шахсий хабарларда муносабат билдириш ва «дислайк»ни синай бошлади

  •   DiMaX
  •  1055
  •  31.03.2017 11:57

Facebook шахсий хабарларда муносабат билдириш ва «дислайк»ни синай бошлади

Facebook ўз мессенжерида шахсий хабарларга эмодзи ёрдамида муносабат билдиришни синовдан ўтказмоқда. Улар орасида лайк ва дислайк кўринишида муносабат билдириш имкони ҳам мавжуд.

TechCrunch нашрига кўра, фойдаланувчилар шахсий хабарларга етти хил вариантда муносабат билдиришлари мумкин. Қўйилган эмодзи чатдаги ҳар бир фойдаланувчига кўриниб туради, бу эса бирор ёзувга муносабат билдирганларнинг рўйхати ҳаммага кўринарли бўлишини таъминлайди.

Хабарда таъкидланишича, мессенжердаги муносабат билдиришлар Facebook янгиликлар тасмасидаги эмодзилардан биттагина жиҳати билан фарқ қилади, яъни – улар қаторида дислайк мавжудлиги.

Аввалроқ компания, «салбий муносабатлар кўплиги сабабли» мазкур тугмачани истеъмолга киритишни истамаслигини бир неча марта таъкидлаган. Facebook вакилининг сўзларига кўра, шахсий хабарлардаги дислайк «йўқ» сўзининг аналоги сифатида амалга киритилган.

Facebook’дан аниқлик киритишларича, бу функция ҳозирча аккаунтларнинг бир қисми учунгина амал қилмоқда. Синовлар жараёнида у ўзини оқласа, кейин барча фойдаланувчилар учун жорий этилади.

Биз Facebook Messenger қувноқроқ ва қизиқарлироқ бўлиши учун мунтазам тарзда турли имкониятларни синовдан ўтказиб турамиз. Ҳозирда биз кичкина тест ўтказмоқдамиз, унинг доирасида кишилар хабарда ўз ҳис-туйғу, муносабатларини ифодалашнинг энг яхши варианти – эмодзиларни баҳам кўра олишади.

Facebook вакили

Жорий йилнинг 1 мартида тарқалган хабарларга кўра, Facebook муносабат билдириш алгоритмларини ўзгартириш устида иш бошлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг февралида Facebook бешта қўшимча эмоцияли кенгайтирилган лайкларни жорий этган эди. Шундан бери фойдаланувчилар лайклар орқали нафақат «Ёқди» дейишлари, балки меҳрни, кулгини, ҳайратни, ташвиш ёки жаҳлни ифодалашлари мумкин бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Facebook мессенжеридан ташқари, Telegram мессенжерида ҳам Ўзбекистон учун овозли қўнғироқлар ишга тушган.