General Motors 2023 йилгача 20 хил янги электромобил ишлаб чиқаради

General Motors 2023 йилгача 20 хил янги электромобил ишлаб чиқаради

Детройтдаги автомобилсоз General Motors яқин орада бензинли ва дизелли двигателларга эга автомобиллардан буткул воз кечмоқчи. Бу ҳақда компаниядаги манбасига таяниб Reuters хабар бермоқда.

Технологиялар ривожи туфайли, турли соҳаларда электрик энергия манбаларига асосланган қурилмалар тобора кенг ишлаб чиқилаётгани сир эмас. Автогигант General Motors ҳам ўз келажагини атроф-муҳитга зиён етказмайдиган электрик автомобиллар билан боғламоқчи.

Аккумулятор батареялари ёки водородли элементлардан қувват олувчи электрик транспорт воситалари бора-бора General Motors турли мамлакатларда (демак, Ўзбекистонда ҳам) тақдим этувчи барча ассортиментни қамраб олади. Бу тўғрида маҳсулотларни ривожлантириш бўйича вице-президент Марк Ройс маълум қилган. Детройтдаги компания техник марказида бўлиб ўтган брифингда у: «General Motors электрик келажакка буткул ишонади», – дея таъкидлаган.

Мазкур автогигант келгуси йилдаёқ иккита янги электромобил моделини ишлаб чиқаришни режалаштирган, 2023 йилга бориб эса General Motors ассортиментига яна 18 та модел қўшилади.

Айтиш керакки, электромобилсозлик ушбу компания учун ҳозирча фақат зиён келтирмоқда. Ишлаб чиқарилган ҳар бир Chevy Bolt намунасидан у нақ 9000 доллар миқдорида зарар кўряпти. General Motors раҳбарияти яқин келажакда аккумуляторлар таннархининг мунтазам пасайиб бориши эвазига мазкур соҳадаги бизнеси ҳам фойда келтира бошлашини прогноз қилиб, электромобиллар ишлаб чиқаришга ўтаётир.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.