Google Chrome’даги ҳозироқ ўчириб қўйиш керак бўлган муҳим созлама

  •   DiMaX
  •  2868
  •  10.02.2018 17:21

Google Chrome’даги ҳозироқ ўчириб қўйиш керак бўлган муҳим созлама

Бутун дунё бўйича энг кенг фойдаланилаётган браузер Google Chrome ҳисобланади. Унинг қулайликлари ва рақобатчиларидан устунликлари кўп, аммо фойдаланувчилар фойдасига ишламайдиган жиҳатлари ҳам бор.

ЎҚИНГ: Google Chrome энди сайтларнинг овозини ўчиришга қодир

2011 йили ушбу дастурга кенгайтмалар ва иловаларнинг фон режимида ишлашига имкон берувчи янги функция қўшилган. Аслида бунда яхши ният кўзда тутилган – унинг эвазига фойдаланувчилар браузерни ёпгандан кейин ҳам унинг иловалари ва кенгайтмаларидан билдиришномалар олиб турадилар.

Аммо Google’дагилар бу функция кўпчиликка керак эмаслигини ўшанда ҳам ўйлашмаган, кейин ҳам уни олиб ташлашмаган. Chrome’ни ёпиш тугмачасини босар экан, кишилар унинг бутунлай ўчирилганига ишонишади, аслида эса браузернинг кўплаб жараёнлари фон режимида ўз ишини давом эттириб тураверади. Бу эса компьютернинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади, шунингдек, интернет-трафикнинг бекор сарфланишига ҳам олиб келади. Браузерда қанчалик кўп кенгайтма ўрнатилган бўлса, унинг компьютерга соладиган «юк»и ҳам шунча «оғир» бўлади.

ЎҚИНГ: Мутахассислар энг хавфсиз браузерни аниқлашди

Google Chrome’ни ёпгандан кейин кенгайтмаларнинг ишлашда давом этишини таъминловчи функция бошанғич созламаларга кўра фаол ҳолатда бўлади. Уни ўчириб қўйиш эса қуйидагича амалга оширилади.

1-қадам. Браузернинг юқори ўнг бурчагидаги – тикка жойлашган учта нуқта шаклидаги тугмачани босиб, параметрлар менюсини чиқаринг ва «Созламалар» («Настройки») бандини танланг.

2-қадам. Созламалар саҳифасининг энг пастидаги «Қўшимчалари», яъни «Дополнительные» тугмачасини босинг.

3-қадам. Яна саҳифанинг энг пастигача тушиб боринг ва «Не отключать работающие в фоновом режиме сервисы при закрытии браузера» переключателини нофаол ҳолатга ўтказиб қўйинг. Номидан ҳам англаганингиздек, бу – браузер ёпилганидан кейин унинг айрим сервислари фон режимида ишлашига имкон берувчи функциядир.

Бўлди! Энди, кейинги гал Google Chrome браузерини ёпганингизда, у бутунлай ёпилади ва компьютерингиз (ноутбукингиз)нинг тизими ресурсларини сарфламайди. Бу эса интернет-трафигингизнинг ҳам бекорга сарфланишининг олдини олади, натижада вақтингиз, асабингиз ва... маблағингиз ҳам тежалади.

ЎҚИНГ: Google Chrome’ни 10 карра тезроқ ишлашга мажбур қиламиз

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.