Honor 10: флагман ярим нархида тақдим қилинди

Honor 10: флагман ярим нархида тақдим қилинди

Honor бренди кеча Honor 10 деб ном олган компаниянинг янги флагман смартфонини тақдим қилди. "Aurora Glass Design" услубидаги дизайн, "пешонаси"да кесиғи бор ҳамда Kirin 970 процессори, "сунъий ақл" технологиясига эга бўлган смартфон бир қарашдаёқ диққатни тортади.

Жумладан, Honor 10 "сендвич" усулида олд ва орқа панеллари пишиқ шиша билан муштарак қилинган. Шиша остида эса металл панеллар мавжуд.

5.84 дюймли FHD+ экран Huawei P20 моделининг экранига ўхшаб кетади. Бу дисплей олд панелнинг 82.6 фоиз қисмини эгаллаб олган. Ён, тепа ва пастки ромлар анча юпқалашган.

Ичкарида эса маълумотларни 10 нанометрли техник жараёнда қайта ишлайдиган кучли, 8 ядроли Kirin 970 процессори мавжуд. Бу чипсет сунъий ақл технологияси асосида ўз-ўзини ўқитиб, янги жиҳатларни ўрганиб бориши билан ўзига хос. График тасвирлар учун эса Mali-G72 MP12 видео картаси масъул. Смартфон 4 гигабайтли тезкор ҳамда 64/128 гигабайтли доимий хотира билан таъминланган.

3,400 мА соат ток сиғимли аккумулятор эса куч-қувватга масъул. Honor 10 модели, шунингдек 5V/4.5A технологияси бўйича тезкор қувват олиш имкониятига эга бўлган. Яъни, 25 дақиқада қувватини 50 фоизга тўлдириб олади.

Смартфоннинг орқа панелида 16 мегапикселли RGB (рангли) сенсор ҳамда 24 мегапикселли монохром (оқ-қора) сенсор мавжуд. Уларнинг ёруғлик тақсимловчи линзаси f/1.8 стандартли. Бош камера ҳам "сунъий ақл" тизимига эга бўлган.

Бу камера 500 тадан зиёд манзарани 22 та тоифа бўйича ажрата олади ва шунга кўра сурат олади. Мисол учун, осмон, ўсимлик, одамларни, шаршарани суратга олиш вақтида камера манзарани билади ва шунга кўра ўзини ўзи созлайди.

Ўқинг: National Geographic учун Meizu 15'да сурат олинди

Селфи учун Honor 10 моделига 24 мегапикселли камера сенсори ўрнатилган. Бу сенсор қиёфани 3D ўлчамда сканер қилади. Honor брендининг маълум қилишича, селфи камера юздаги юзлаб ўзига хос жиҳат ва белгиларни таний олади. Шунингдек, олд камерада ҳам орқа фон ғира-шира қилинган суратлар олиш мумкин.

Смартфон ёруғлик паст шароитда ҳам ёрқин ва деталларга бой суратлар олиш имконига эга .

Девайснинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, Honor 10 моделининг сканери экран остига жойлаштирилган. Ультра товуш бўйича ишлайдиган бундай сенсор жаҳонда ҳали бирор смартфонга ўрнатилмаган эди.

Смартфон Android 8.1 Oreo операцион тизимининг ўзлаштирилган EMUI 8.1 талқини бошқарувида ишлайди.

Honor 10 модели "Aurora Glass Design" хаёлий кўк ва яшил рангли, шунингдек қора ва кул рангли корпусларда ишлаб чиқарилади.

Honor 10 смартфони жаҳон смартфон бозорида 540 АҚШ долларидан бошлаб сотилади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Мавзу:

#Huawei Honor 10

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.