Huawei MateBook D (2018) – MacBook’дан кўп томонлама яхши ультрабук тақдим этилди

  •   DiMaX
  •  320
  •  26.12.2017 12:04

Huawei MateBook D (2018) – MacBook’дан кўп томонлама яхши ультрабук тақдим этилди

Хитойнинг Huawei компанияси нафақат смартфонлар ва турли тармоқ жиҳозларини, балки ажойиб ноутбукларни ҳам ишлаб чиқаради. Кечагина у, ўзига хос металл корпусга эга ажойиб ультрабукларни тайёрлашда ҳам Apple’дан қолишмаслигини исботлади. 2017 йил 25 декабрда Huawei тақдим этган MateBook D (2018) модели нафақат техниканинг сўнгги ютуқларини ўзида жамлагани, балки қойилмақом дизайни билан ҳам эътиборга лойиқ.

ЎҚИНГ: Жаҳонда энг яхши сотилаётган ноутбук брендлари ва модели маълум бўлди

MateBook D (2018) ноутбуки диагоналига 15,6 дюймлик IPS-экран билан жиҳозланган, дисплейнинг тасвир аниқлиги эса Full HD форматида (1920х1080 пикселли). Экраннинг ёруғлиги 350 нит, у 45 фоизлик NTSC ранглар гаммасини қамраб олган.

Гаджет саккизинчи авлод Intel Core i5-8250U процессори базасида, 8 гигабайтлик тезкор хотира билан ишлайди. Унга Nvidia MX150 график картаси ўрнатилган. 43,3 ваттлик аккумулятори эса ноутбукнинг экран ёқиқ ҳолида ўртача куч билан 8,5 соатгача ишлашини таъминлаб бера олади.

Қолган хусусиятларига келсак, MateBook D (2018) битта USB 2.0 портига, қаттиқ дисклар ва бошқа периферик қурилмаларни улаш учун иккита USB 3.0 портига эга. Шунингдек, 4K@60fps форматини қўллаб-қувватловчи битта HDMI порти ҳам мавжуд. Булардан ташқари, мазкур ультрабук 2,4 ГГц ҳамда 5 ГГц частотаталарида ишловчи Wi-Fi 802.11ac тармоқларини қўллаб-қувватлаши билан ҳам мақтанса арзийди. Тағин, шунча қудратли техник таъминотига қарамасдан, қурилманинг металл корпуси қалинлиги атиги 16,9 миллиметрга тенг.

ЎҚИНГ: Xiaomi ҳозиргина 8-авлод чипига эга Mi Notebook Pro'ни тақдим қилди

Huawei компаниясининг ушбу янги ноутбуки Хитой ҳудудида яқин кунлар ичида сотувга чиқарилади. MateBook D (2018) девайси процессори ва ички флеш-хотираси ҳажмига кўра уч хил модификацияда тақдим этилади ва нархлари ҳам шунга яраша бўлади:

  • Intel Core i5 процессори ва 256 ГБлик SSD-дискка эга модели – $795;
  • Intel Core i5 процессори, 128 ГБлик SSD-диск ва 1 ТБлик HDD-дискка эга модели – $839;
  • Intel Core i7 процессори, 128 ГБлик SSD-диск ва 1 ТБлик HDD-дискка эга модели – $1020.

Мазкур ноутбукни Apple MacBook Pro 15 (2017) билан солиштирганимизда, Huawei маҳсулотининг устунлиги яққол сезилади. Купертинолик гигантнинг ультрабукидан у нақ икки бараварга арзон, аммо тўлақонли USB-портлар жамланмасига эга – турли переходникларга ҳожат йўқ. Шунингдек, бошиданоқ кўпчилик фойдаланувчилар наздида универсаллиги билан танилган Windows 10 Pro операцион тизими ўрнатилган ҳолда чиқарилишини ҳам MateBook D (2018)нинг устунликлари қаторида келтириб ўтиш мумкин.

ЎҚИНГ: Apple Intel’нинг кучли чипига эга MacBook’ларни тақдим қилди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.