ICTWEEK Uzbekistan 2016 иш бошлади

ICTWEEK Uzbekistan 2016 иш бошлади

Халқаро бизнес марказида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги асосий воқеа — ICTWEEK Uzbekistan 2016 нинг очилишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Daryo.uz хабар бермоқда.

Илгарироқ хабар берилганидек, ҳафталик доирасида бир қанча ихтисослашган тадбирлар ўтказилади.

ICTWEEK Uzbekistan 2016 ҳафталигини ICT Summit 2016 — ахборот-коммуникация технологиялари саммити бошлаб беради. Саммит 20 сентябрь куни Халқаро бизнес марказида умумий йиғилиш форматида ташкил этилади. ICT Summit 2016 да давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг масъул раҳбарлари, маҳаллий ва халқаро экспертлар, ахборот технологиялари компаниялари вакиллари, таҳлилчилар иштирок этади.

Бундан ташқари, ICTWEEK Uzbekistan 2016 доирасида ICTExpo 2016 халқаро АКТ маҳсулотлари кўргазмаси 21–23 сентябрь кунлари бир вақтнинг ўзида Тошкент (21–23 сентябрь) ҳамда Наманган (21–22 сентябрь) шаҳарларида ташкил этилади. Кўргазмани бир вақтнинг ўзида икки шаҳарда ўтказишдан кўзланган мақсад Ўзбекистонда АКТдан фойдаланиш, хизмат ва маҳсулотларга бўлган талаб ва эҳтиёж даражасининг ҳудудларда ҳам жадал ўсиб бораётганини кўрсатишдан иборат.

Ҳафталикнинг яна бир муҳим воқеаси — Internet Forum 2016 да миллий ва халқаро интернет маҳсулотлари ҳамда ишланмалари соҳасида эришилган ютуқ ва натижалар муҳокама қилинади. Форум 21–22 сентябрь кунлари Халқаро бизнес марказида бўлим ва секцияларга, маҳорат дарслари ва муҳокама доираларига бўлинган шаклда ташкил этилади.

Ҳафталикнинг асосий воқеалари қаторидан мамлакатнинг АКТ соҳасида фаолият юритаётган фаол ёш дастурчиларини қўллаб-қувватлашга қаратилган Best Soft Challenge, Intellec2all ҳамда Ўзбекистонда ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳаси мутахассислари ўртасида илк маротаба ўтказилган Cyber Security Challenge танловлари ғолибларини тақдирлаш маросимлари, Халқаро электр алоқа иттифоқининг семинари каби тадбирлар ўрин олган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.