Инҳа университетида тест: Ўзбекистонда илк бор OMR Card System

  •   DiMaX
  •  1479
  •  13.07.2017 17:23

Инҳа университетида тест: Ўзбекистонда илк бор OMR Card System

Кириш имтиҳонларини ўтказиш жараёнини оптималлаштириш мақсадида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети кириш имтиҳонларига OMR Card System (оптик белгиларни таниш) тизимини жорий этади. Ушбу тизимдан илк бор 2017-2018 ўқув йили кириш имтиҳонларида фойдаланилади, деб ёзади университет сайти.

Корея Республикасидаги Инҳа университетининг ушбу ташаббуси Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори (IUT) Сарвар Бабаходжаев ва ҳамкор университетнинг раҳбарияти билан бўлган музокараларда муҳокама этилди, дейилади хабарда.

IUT ректори Сарвар Бабаходжаев июль ойининг бошида Инчхон шаҳрига ташриф буюрди ва Корея Республикасидаги Инҳа университети Президенти Сунья Чой, вице-президенти Инкё Чеонг ва декани Ёнг Ми Анлар билан учрашувлар ўтказди.

Учрашувлар давомида томонлар 2017-2018 йили кириш имтиҳонларини юқори даражада ўтказиш бўйича фикр алмашдилар.

Музокаралар натижасида 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб IUT кириш имтиҳонларида оптик белгиларни таниш тизимини жорий этишга келишиб олинди. Ушбу тизим имтиҳон варақаларини баҳолаш жараёнини самарадорлигини ва шаффофлигини ошириш мақсадида жорий этилмоқда. Жанубий Корея университети махсус компьютер тизими ёрдамида абитуриентларнинг ишларини баҳолайди.

Шу билан бирга, Корея Республикасидаги Инҳа университети Тошкент шаҳридаги Инҳа университети кириш имтиҳонларини ўтказишга жавобгар бўлган 13 нафар мутахассисини юборади. Бу эса кириш имтиҳонларининг объектив ўтишини таъминлайди.

 Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) 2017-2018 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилишни 2017 йилнинг 17 апрель кунидан бошлаган. Мазкур олий ўқув юртида кириш имтиҳонлари 20 ва 21 июль кунлари бўлиб ўтади. Университетда 2016–2017 ўқув йили учун кириш имтиҳони реал вақт режимида онлайн-трансляция қилиб борилган.