Интернетни тежовчи ва бепул Wi-Fi нуқталарини топувчи Google Datally иловасини ўрнатиб олинг! (+видео)

Интернетни тежовчи ва бепул Wi-Fi нуқталарини топувчи Google Datally иловасини ўрнатиб олинг! (+видео)

Google компанияси Android операцион тизимли қурилмалар учун Datally иловасини тақдим этди. У интернет-трафикни тежашга ва яқин орадаги Wi-Fi нуқталарини топишга мўлжалланган, деб ёзади iGuides нашри.

Аввалига бу илова Triangle деб номланган ва бир неча ой мобайнида Филиппиндаги фойдаланувчилар томонидан бета-тест жараёнидан ўтказилган. Google’га ишонадиган бўлсак, синов дастури иштирокчилари мазкур дастур ёрдамида 30 фоизгача интернет-трафикни тежашган.

ЎҚИНГ: Мобил трафикни тежаш учун Google’дан янги илова!

Datally мобил трафикни ҳам, Wi-Fi тармоқларидаги трафикни ҳам тежаш имкониятига эга. Ҳар иккала ҳолатда ҳам у фон режимида ишловчи иловаларнинг интернетдан фойдаланишини чеклаш эвазига бунга эришади.

Қуйидаги видеолавҳада унинг қандай ишлашини ўзингиз кўриб олишингиз мумкин:

Мазкур илова учта асосий вазифани бажара олади:

  1. Трафик айнан нималарга сарфланаётганини аниқлаш. Datally ёрдамида сиз бир соатда, бир кунда, ҳафтада ёки ойда қанча трафик ишлатаётганингизни билиб оласиз. Бу илова интернетни тежаш учун айнан сизга мўлжалланган тавсиялар ҳам беради.
  2. Трафикни бошқариш. Мобил интернетдан фон режимида фойдаланишни чеклаш учун «Трафикни тежаш» (Data Saver) режимини ёқасиз. Шунингдек, иловалардан ҳар бири қанча миқдорда трафик ишлатаётганини кўрсатувчи махсус белгичани кўрасиз. Агарда улардан бирортаси ҳаддан ташқари кўп трафик сарфлаб юбораётган бўлса, тугмачани биттагина босиш орқали унинг интернетдан фойдаланишини тақиқлаб қўясиз.
  3. Мегабайтларни тежаш. Баъзида бирор амални бажариш учун сизнинг тариф режангизда кўзда тутилганидан кўра кўпроқ мобил трафик талаб этилади. Datally эса яқин атрофда очиқ (бепул) Wi-Fi нуқтаси бор-йўқлигини текшириб кўради ва унга уланишга ёрдам беради.

ЎҚИНГ: Firefox Focus – ваҳимачилар ва тежамкорлар учун мобил браузер

Datally трафикни тежаш статистикасини юритади ва қанча тежаганини кунлар, ҳафталар ва охирги ой бўйича, шунингдек, иловалар бўйича ҳам акс эттиради. Кўп мегабайт «еб қўяётган» илованинг ҳаракатини чеклаш эса ўз ихтиёрингизда. Шунингдек, ушбу дастур смартфоннинг билдиришномалар ҳудудида трафик сарфининг тезлигини ҳам акс эттириб туради.

Google янги иловасининг қўшимча функцияси – Wi-Fi нуқталарини излашдир. Қидирув рўйхатида шу нуқталар жойлашган ўринлар ва муассаса номлари акс эттирилади. Шунингдек, мазкур Wi-Fi нуқталарининг парол билан ҳимояланган ёки очиқ, ё бўлмаса бир марталик код ёрдамида аутентификация орқали кириладиган эканлигини ҳам маълум қилади. Рўйхатдаги исталган муассаса устига босилса, харита очилади ва ўша муассасага қандай бориш кўрсатилади.

ЎҚИНГ: Wi-Fi тармоғи паролини билишнинг 5 усули

Datally иловаси бепул бўлиб, Android 5.0 ва ундан кейинги талқинлардаги смартфон ва планшетларда ишлайди. Интерфейси фақат инглиз тилида, аммо салгина ҳаракат қилсангиз, уни тушуниб олиш айтарли қийинчилик туғдирмайди. Иловани мана бу ҳавола орқали юклаб олишингиз мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.