Исталган Android-смартфоннинг махфий созламаларига махсус илова ёрдамида кирамиз!

  •   DiMaX
  •  4987
  •  24.07.2018 19:07

Исталган Android-смартфоннинг махфий созламаларига махсус илова ёрдамида кирамиз!

Android операцион тизимининг бир қатор махфий опциялари ва утилиталари борки, уларни кўпинча тажрибали юзерлар ҳам билавермайди. Ушбу махфий функциялар созламаларига MIUI Hidden Settings иловаси ёрдамида тезкор кириш мумкин.

ЎҚИНГ: Махфий созлама орқали ҳар қандай Android-смартфонни «учиб» ишлашга мажбур қиламиз!

Номидан ҳам пайқагандирсиз – аслида бу илова Xiaomi смартфонларига мўлжалланган. Аммо у бошқа смартфонсозларнинг исталган моделдаги мобил қурилмаларига ҳам тушади. Фақат бу смартфон Android 7 ёки 8 талқини бошқаруви остида ишлаётган бўлса бас.

MIUI Hidden Settings бош экрани тизим созламаларига йўлловчи ҳаволалар рўйхатидан иборат. Бу созламаларга эса оддий йўллар билан кириб бориш қийин ёки умуман имконсиз.

Мана, ушбу илова орқали амалга оширишингиз мумкин бўлган фойдали амалиётлар рўйхати қуйидагича:

  1. Иловаларни бошқариш. Бу операция орқали ҳатто тизим дастурларини ўчириб қўйиш имкони ҳам мавжуд.
  2. Телефон ҳақида тўлиқ маълумот олиш. Бу борада батафсил ахборотларни, жумладан, ундан фойдаланиш статистикаси ҳақидаги ҳисоботни ҳам олишингиз мумкин.
  3. Билдиришномалар логларига кириш. Бу функциянинг оддий фойдаланувчиларга кераги йўқ, аммо телефонни ва прошивкани «кавлаштириш»ни хуш кўрувчилар учун айни муддао.
  4. Қурилмани тестдан ўтказиш. Смартфоннинг барча функцияларини текшириб кўриш имкони.
  5. Батарея сарфини оптимизация қилиш. Мазкур операция ёрдамида аккумулятор қувватини оқилона харжлашни йўлга қўйишингиз мумкин.
  6. Дастурлардан фойдаланиш статистикаси. Смартфондаги иловаларнинг ҳар биридан қай тариқа фойдаланиб келаётганингизни, қайсилари фон режимида ишлашини ва ҳоказоларни билиб оласиз.
  7. Тизим «пасхалка»ларини кўриш. «Пасхалка» ёки «Пасха тухуми» – Android тизимларининг қаерларигадир яшириб қўйилган ўйин, сурат, анимация каби бонуслардир. Ушбу илова ўшаларни ҳам кўрсатиб беради.

Табиийки, MIUI график қобиғидаги операцион тизимга эга бўлган Xiaomi смартфонларида MIUI Hidden Settings имкониятлари янада кенгроқ. Булар – электрон қисмларнинг махсус тестлари, самарадорлик текшируви ҳамда иш столининг яширин созламалари кабилардир.

Android 7 ёки 8 талқинидаги операцион тизим бошқаруви остида бўлган смартфонингизга MIUI Hidden Settings иловасини мана бу ҳавола орқали ўрнатиб олишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Android тизимидаги барча смартфон ва планшетларнинг махфий кодлари