Жек Ма муваффақиятга оид янги фикрлари билан ўртоқлашди

Жек Ма муваффақиятга оид янги фикрлари билан ўртоқлашди

1999 йилда асос солинган хитойлик Alibaba Group электрон тижорат компаниясининг фаолият кўламини биргина далил билан ифодалаш мумкин: бир кунда бу ерда 200 миллион дона маҳсулот сотилади ва сўнгги молиявий йилда бу платформада $550 млрд долларга тенг маҳсулот сотилган.

Бу ишларнинг бошида турган компания асосчиси Ма Юн ёки Жек Ма номи билан танилган 53 ёшли тадбиркор бундан 18 йил муқаддам 17 та ишчиси ҳамда $50,000 доллар маблағ билан иш бошлаган эди. Жек Манинг ҳаёт йўли ва сўзлари, тавсиялари жамоатчилик учун доимо қизиқ. Қуйида тадбиркорнинг South China Morning Post нашрида эълон қилинган фикрларини эълон қиламиз.

Ҳаёт, бу -- саёҳат!
Умрни саёҳатга ўхшатиш мумкин. Биз бу дунёга ҳаётдан ҳузурланиш ва бахтли яшаш учун келамиз. Саломатликни қадрланг. Боиси, бахтиёрлик соғлом бўлиш билан қадрли.
Бу ҳаётда сенга ишонмайдиганлар ҳар доим топилади. Яна шундай одамлар борки, уларга гапириш -- фойдасиз.
Сенга ишонадиганлар доимо сен билан ёнма-ён туриб курашишга ҳозир бўладилар, сенга шубҳа билан қараганлар эса доимо нимадир топиб беришади. Бу -- инсон табиати. Тўғри йўлдалигингда сенга биров эътибор қилмаса ҳам, кичик хато туфайли барча сени танқид остига олишга шай туради.

Юқоридан қараса, ҳаммаси гўзал.
Муваффақиятли бизнес мисоли чўққи сари кўтарилишга ўхшайди ва мен ҳам ишимни тоғнинг товонидан бошлаганман. Минг чақирим юқорига кўтарилганингда сен атрофни аниқ-тиниқ кўра бошлайсан. Бироқ, муаммо шундаки, ҳануз ерда турганлар сенинг сўзларингга шубҳа билан қарашади.
Муваффақият учун вақт ҳам керак. Мен 40 ёшимдагина нима хоҳлаётганимни тушуниб етганман. Бизнесмен ёки ўқитувчи бўлиш ҳеч қачон хаёлимга келмаган. Полициячи, ҳатто KFC компаниясига официант бўлишни хоҳлаганимда -- рад этилганман.

Ўтмишдаги муваффақиятлар билан яшама.
Одамни орқага тортадиган омил бор -- эришган ютуқлари. Ўтмишдаги натижаларга боғланиб қолиш -- бугунги имкониятларни нолга тенглаштиради, бундай кайфият -- тараққиётнинг тўсиғи.
Ҳаёт имкониятларга тўла. Бундан 2 минг йил илгари ҳам ҳаёт имкониятларга тўла бўлган ва шунча йиллардан сўнг ҳам шундай бўлади. Бу сени ҳаётга қандай қарашингга боғлиқ. Айниқса, нолиш ёшликка хос. Мен ҳам ёшлигимда Билл Гейтс ёки Стив Жобс барча имкониятларни ишғол қилиб, улоқни олиб кетиб бўлган, деган фикрда бўлганман.

Аввало, энг яхши эмас, ташаббускор бўлишга интил.
Ташаббус -- имкониятларнинг мағзи. Муаммонинг ҳал қилиниши -- имкониятнинг бошланишидир. Бирор янгиликни айнан сен бошлаб беришга ҳаракат қил ва ташаббус айнан сендан чиқсин. Уддалаш мумкин бўлган янгилик олдидаги тўсиқларни айнан сен олиб ташла. Янгилик қилишга ўч бўл.
Шунингдек, атрофингга энг яхши эмас, энг керакли одамларни тўплашга одатлан.

Ҳар нарсага бурнингни тиқма.
Катта бизнес -- яхши бизнес, дегани эмас. Бизнес катталашгани сайин унинг юки ошиб боради. Кичик тадбиркорлар ҳар нарсани ўз фаолиятларига қалаштириб ташлашади. Уларнинг қанчалар муваффақиятли эканликлари ўрганилганида эса бу тадбиркорлар аслида ўзларига тўсиқ қурганликларига гувоҳ бўлиш мумкин.
Бунинг ўрнига ходимларни, мижозларни ҳамда ўзингни бахтли қилиш устида бош қотир. Аслида ҳақиқий бизнес мана шу.

Ишингни сев. Буни сендан бошқа ҳеч ким қилмайди.
Бизнесда ишни янгидан бошлаш қийин. Бу -- мисоли янги туғилган чақалоқни парваришлаш каби. Агар унга шу тахлит муносабатда бўлсанг, у ўсиб-улғаяди ва кўзни қувонтира бошлайди.
Бу ҳаётда ҳар ким ўзига хос. Ва, ўзига хослик ҳар кимнинг муваффаяити учун калит.
Қарашларинг маҳаллий эмас, глобал бўлсин. Халқаро миқёсда фикрламас экансан, сенинг саъй-ҳаракатинг узоққа бормайди. Глобаллашувни рад этиш -- бугун имконсиз.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.