“Келажак смартфони”га хос мўъжизавий жиҳатлар

“Келажак смартфони”га хос мўъжизавий жиҳатлар

Маълумот ва алмашиш технологиялари сони шу қадар кўпайиб кетдики, кези келганда қайси биридан фойдаланишни ўйлаб ҳам қоласан киши. Смартфон эса бу инновацияларнинг ягона платформасига айланиб бормоқда.

Смартфон инсоният ҳаётига кириб келган сўнгги 10 йилликда кўп нарса ўзгарди – бу инсонлар феъл-атворидан тортиб, техниканинг турмуш тарзимиздаги ўрнигача бўлган ўзгаришлар.

LG’нинг жорий йилда тақдим қилган сўнгги G5 флагманидан кейин фойдаланувчилар смартфонлар энди алоқа алмашилинувчи шунчаки электрон девайслардан ҳам устунроқ воситага айланиб бораётганини ҳис қилишди.

Икки бош камера, смартфонга улаш орқали фойдаланиладиган қўшимча аксессуарлар, виртуал воқелик дубулғаси, 360 даражада суратга олувчи камера мисоли мўъжизадек.

Сув ўтказмайдиган корпусга эга, сифатли камера ва узоқ муддатга етадиган қувват манбаига эга Samsung Galaxy S7, тезкор намойиш ва фаолият кўрсата оладиган iPhone 6S ҳам SE смартфонларида татбиқ қилинган технологиялар ҳам смартфонлар келажаги тўғрисидаги тасаввурларимизни ёрқинлаштиради.

Инновацион технологияларнинг бош илдизи сифатида смартфон тараққиёти бевосита дастурий программаларнинг ривожига ҳам хизмат қилади.

Ажралувчи қисмлардан иборат смартфон

Келажак смартфонлари тусланувчи жиҳатга эга бўлади. Яъни, фойдаланувчи унда ўзининг хоҳишидан келиб чиқиб, махсус камераларни ўрнатиши, уни қўшимча аксессуарлар билан кучайтириши мумкин бўлади.

G5 смартфонининг қуйи қисми унга қўшимча қисмларни улашга мўлжалланган. LG бу қўшимча деталларни “Дўстлар” деб атади. Мисол учун, смартфонга юқори сифатли сурат олишда кўмаклашадиган, тасвирни яқинлаштирадиган ва қўшимча қувватга эга ажралувчи камерани 70 АҚШ долларига сотиб олиш мумкин.

Келажакда шу сабабли смартфонларни ҳар йил алмаштиришга ҳожат қолмайди. Уларнинг муҳим деталларини алмаштириб бориш кифоя қилади.

камера

Мультикамерали смартфонлар

Қўш камерали смартфон бизга қанчалик оддий ҳол бўлиб кўринган бўлса, келажакда “кўп кўзли” гаджетларни ҳам шунчалар осон қабул қиламиз. Кўп камерали смартфонларнинг афзал жиҳати шундаки, уларда асл ранглар жилоси сақланиб қолади, ёруғлик паст жойда ҳам равшан сурат олиш мумкин бўлади, шунингдек улар ёрдамида телефон бўртма кўринишдаги 3-D тасвирлар олади.

G5 смартфони бу борада ҳали келажакнинг ибтидосидир. Унинг махсус камераси манзаранинг инсон кўзи кўра оладиган даражадан ҳам кенгроқ кўра олади. Шу билан бирга, Samsung Galaxy S7’нинг ёруғлик паст жойда ҳам аниқ-тиниқ сурат олиши ҳам муҳим технологик юксалиш бўлди.

Мультикамера технологияси Huawei томонидан такомиллаштирилмоқда. Жумладан, яқинда тақдим қилинган P9 дунёнинг энг яхши сурат олувчи смарфтони номига даъвогарлик қилмоқда. Apple ҳам айфонларида кўп камерали тизимни синовдан ўтказмоқда.

Икки объективли смарфтон 3 ўлчамли тавир олиш имконини беради. Google’нинг Tango лойиҳаси эса хона ва бирор манзаранинг 3-D харитасини чизишга ёрдам беради. Бу технология ҳам вақти келиб смарфтон платформаси учун такомиллаштирилиши кутилмоқда.

Келажак смартфонларида 6 тадан 8 тагача камералар бўлади. Яъни, бундай смартфонлар профессионал DSLR камералари каби суратга олиш имконига эга бўлишади.

gologramm tasvir

Голограмм-тасвирли телефон

3-D тасвирлар ёки 360 даражадаги суратлар келажак телефонларининг кичик бир жиҳати. Уларнинг 3-D голограмм технологиясига хизмат қиладиган дисплейидан ҳаттоки виртуал воқелик экрани сифатида фодаланиш, экрандан таралиб турган голлограм нурли технология ёрдамида тарих бўйлаб ёки табиат қўйнида сайр қилиш мумкин.

Бу технологияда бошга дубулға ёки махсус шлем кийиш ҳам шартмас. Тасвир гўёки смартфон ичидан чиқиб келгандек, ташқарида голограмма нурлари ёрдамида намоён бўлади. Ёки олисдаги ота-онангиз билан ёнларида ўтиргандек суҳбат қурасиз.

Тўғри, Samsung ва LG компаниялари шунга яқин технологияни ривожлантиришмоқда. Йирик процессор ишлаб чиқарувчиси Qualcomm ҳам смартфон фойдаланувчиларига виртуал ҳордиқ бера оладиган чип устида бош қотирмоқда.

Бундай голограмм-тасвирни шунчаки томоша қилмайсиз. Ундаги деталларга бармоқлар билан тегиб, алоқага киришиш мумкин бўлади.

Тасаввур қилинг, 3-D ўлчамли нурлар ёрдамида ўз суратингиз экрандан ташқарида намоён бўлса. Мазкур технологияни телевизор қурилмасида ҳам жорий қилиш режалаштирилган. Бу аввалига оқ-қора, кейин рангли телевизор тасвиридан кейинги навбатдаги телевизион техно-янгилик бўлади.

Буни жуда узоқ кутиш шарт эмас. Мутахассисларнинг айтишича, технология 2017 йилнинг сўнгидан кенг татбиқ қилина бошлайди.

Туганмас қувватли аккумулятор

Келажакнинг энг қойилмақом технологияси ҳозир сизнинг учун энг катта муаммо бўлган смартфон қувватига ечим топади. Йўқ, шошманг, сизга тушлик идишидек келадиган “ғишт” аккумулятор бериб ёки LG G5 каби қўшимча деталларнинг қувват тоши орқали эмас, албатта.

Келажак аккумулятори симсиз қувват олиш тизимига асосланади. Бу бугун тақдим қилинаётган қувватлантириш док-станциялари ёрдамида амалга оширилмайди.

Келажакда Wi-Fi зонасига ўхшаш махсус қувватлантириш ҳудудлари ташкил этилади. Смартфон қуввати тугаш арафасида шундай ҳудудга борсангиз, смартфон ўз-ўзини автоматик равишда “озиқлантиради”.

Бугун Ossia ҳамда Energous каби компаниялар ана шу технологияни ривожлантириш билан бандлар. Ҳатто бунинг синов тажрибалари ҳам ўтказилган. Маълум қилинишча, бу қулайлик 2018 йилдан татбиқ қилинади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!