"Лопатафон" -- Xiaomi Mi Max 2 халқаро бозорда сотилмоқда

2016 йилда тақдим қилинган Xiaomi Mi Max смартфонларининг илк авлоди муваффақиятли сотилгач, илҳомланган компания унинг ортидан дисплей диагонали 6,44 дюйм бўлган 2-авлод Mi Max 2 моделини ишлаб чиқди. Бу модел 18 июлда халқаро бозорда намойиш қилинди.

Mi Max 2 бу гал бенуқсон алюминий корпусли дизайнда ишлаб чиқарилган. Ундаги Full HD (1920x1080 пикселли) экран 2,5D шаклидаги ҳимоя ва безак шишаси билан қопланган. Экран атрофидаги қора ҳошия нисбатан юпқалашган.

Mi Max 2 учун смартфон саноатида янги бўлган Qualcomm Snapdragon 625 чипидан фойдаланилган. Фаблет 4 гигабайтли тезкор ва 64 гигабайтли доимий хотирага эга. Хотирани кенгайтириш имкони берилади.


Камеранинг сурат олиш кўникмаси ҳам оширилиб, бу гал унга 12 мегапикселли Sony IMX386 бош датчиги ўрнатилди. Бу бош камера сенсори кенг динамик диапазонга эга ҳамда ёруғлик паст шароитда ҳам сифатли суратга олиши билан ўзига хос.

Mi Max 2'нинг том ва қуйи қисмида стереодинамиклар ҳам ўрнатилган. Яна бир муҳим ўзгариш қаторида Mi Max 2'нинг йирик -- 5300 мА соат ток сиғимига эга батареясини ҳам эътироф этиш керак. Устига-устак бу аккумулятор Quick Charge 3.0 тезкор қувват олиш технологиясини қўллаб-қувватлайди. Бу "қувват тош" 1 соатда қувватини бир кам 70 фоизга тўлдиради.

Mi Max 2 Android 7.1.1 Nougat'нинг ўзлаштирилган MIUI 8 талқинида ишлайди ва жорий йилда уни MIUI 9'га янгилаб олиш мумкин бўлади.

Xiaomi Mi Max 2 смартфони 18 июлдан халқаро бозорда 330 АҚШ долларидан бошлаб онлайн ва офлайн дўконларда сотила бошлайди. Унинг рақибларидан Sony Xperia XA1 Ultra'ни айтиш мумкин. Бироқ, бор-йўғи 2700 мА соат ток сиғимли бу гаджет баҳоси 455 долларни ташкил қилади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!