Maps.Me хариталарига интернетсиз ишловчи тайёр йўналишлар киритилди

  •   DiMaX
  •  1204
  •  10.04.2018 15:27

Maps.Me хариталарига интернетсиз ишловчи тайёр йўналишлар киритилди

Оммабоп картографик сервис – Maps.Me ўз фойдаланувчилари учун ажойиб хушхабарни эълон қилди. Энди унинг базасига дунёнинг йирик шаҳарлари бўйлаб тайёр йўналишлар киритилди.

ЎҚИНГ: 2018 йил 1-чорагидаги энг зўр Android-иловалар ва мобил ўйинлар

Фойдаланувчилар ушбу тайёр маршрутларни ўз қурилмаларига юклаб қўйишлари ва кейинчалик интернетга уланмасдан туриб – оффлайн ҳолда ҳам фойдаланишлари мумкин. Ҳозирча базага дунёнинг 29 та йирик шаҳри бўйлаб йўналишлар киритилган. Улар орасида айрим Осиё ва Европа мамлакатларининг пойтахтлари, шунингдек, сайёҳларни қизиқтирувчи оммабоп шаҳарлар мавжуд.

Йўналишлар улардаги энг машҳур диққатга сазовор масканлар, музейлар, хиёбонлар ва бошқа объектларни ўз ичига олган. Бирор маршрут доирасидаги белгиланган объект устига босиб, унинг батафсил тавсифини ўқиб олиш мумкин. Деярли ҳар бир шаҳар учун икки хил: шаҳарнинг марказий қисми ва четроқ жойлари бўйлаб йўналишлар киритилган.

Янги опциядан фойдаланиш учун, дастлаб мазкур сервиснинг сайтидан ўзингизни қизиқтирган шаҳар йўналишларини қурилмангиздаги Maps.Me иловасига юклаб оласиз. Кейин у илованинг «Нишонлар» – «Метки» бўлимида пайдо бўлади.

Айни дамда Maps.Me сервиси қуйидаги шаҳарлар бўйлаб турли маршрутларни таклиф этаётир: Шанхай, Сеул, Бангкок, Бордо, Лиссабон, Истанбул, Гонконг, Кейптаун, Майами, Анталья, Куала-Лумпур, Лос-Анжелес, Лондон, Москва, Пистоя, Гуанчжоу, Охрид, Рим, Париж, Паттайя, Макао, Портленд, Пхукет, Сингапур, Нью-Йорк, Тайбэй, Дубай, Мерида ва Шэньчжэнь.

Maps.Me картографик иловасини iOS-қурилмага ушбу ҳавола орқали App Store’дан, Android-гаджетга эса мана бу ҳавола ёрдамида Google Play’дан ўрнатиб олиш имкони мавжуд.

ЎҚИНГ: Google Earth’да катта янгиланиш: виртуал саёҳатлар ва сифатли уч ўлчамли хариталар

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.