Meizu Pro 7: янги "хитойлик"нинг нархи ўзини оқлайдими?

Meizu Pro 7: янги

Кўпчилик кеча тақдим қилинган Meizu Pro 7 ва Pro 7 Plus флагманлари нарх-навоси билан бренд мухлисларини хурсанд қилишини кутган эди. Янги гаджетнинг энг арзони $426 доллардан бошлаб сотилиши эълон қилингач, ишқибозларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Ахир, бу пулга бир қатор илғор хитойлик "байроқдор" смартфонларни харид қилиш мумкин.

Компания президенти эса тақдимотдан сўнг мазкур ҳолатга мантиқий изоҳ беришга ҳаракат қилиб кўрди. Оммавий ахборот воситалари билан суҳбатда Meizu раҳбари Баи Ёнгшианг компания 2016 йилда смартфон бозорига 400 долларлик Pro 6s девайсини чиқаргани ва бу смартфон яхши сотилганини маълум қилди.

Meizu Pro 7 эса $426 долларга қўш объективли бош камера, 4/64 Гб хотирани таклиф қилмоқда. Шунингдек, қўш экранли корпус яратиш каби инновацион ғоя учун сарф қилинган харажатлар ҳам кам эмас. Жумладан, смартфоннинг ҳам олд, ҳам орқа корпуси 2 та AMOLED дисплейга эга бўлганини ҳам унутмаслик лозим. Meizu Pro 7 Plus эса 530 АҚШ долларидан бошлаб сотувга чиқарилади.

Meizu Pro 7 смартфонидаги 8 ядроли, 64 битли Mediatek Helio P25 чипсетининг частота тезлиги 2.6 ГГц.гача етади. Meizu Pro 7 Plus эса 64 бит ва 10 ядроли, частота тезлиги 2.5 ГГц.гача бўлган Mediatek Helio X30 процессорига эга бўлган.

Смартфон тақдимотидан сўнг экспертлар томонидан энг кучли модел платформасига баҳо берилди. AnTuTu бенчмаркида Meizu Pro 7 Plus телефони 141,982 балл тўплаб, смартфон бозоридаги энг самарадор смартфонлар рўйхатида 13-ўринни эгаллаган. Яъни, самарадорликда бу процессор 2016 йилнинг "пешқадамлари" -- Snapdragon 821 ва Kirin 960'га бас келган.

Хулоса қилиш мумкинки, Meizu Pro 7 моделлари учун сиз ундаги ҳам олд, ҳам орқа корпусдаги 2 та дисплей учун пул тўлайсиз. Бу дисплейнинг муҳим ўзига хослиги -- унинг ёрдамида бош камерада ёрқин селфилар олиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг июль ойи ҳолатида, бошқа бир хитойлик -- OnePlus 5 смартфони 181,879 балл билан AnTuTu томонидан жаҳоннинг энг самарали смартфони деб эълон қилинган эди. 8 ядроли илғор Qualcomm Snapdragon 835 процессорига эга бу флагман $480 доллардан сотилмоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.