MWC 2018’да рекорд: энг ромсиз смартфонни ким ясаган? (+видео)

  •   DiMaX
  •  1793
  •  01.03.2018 12:56

MWC 2018’да рекорд: энг ромсиз смартфонни ким ясаган? (+видео)

Бу йилги Mobile World Congress кўргазмасида етакчи технокомпаниялар билан бирга, унча танилмаган ишлаб чиқарувчилар ҳам анча фаоллик кўрсаттишмоқда. Айниқса, хитойлик смартфонсозлар турли кўрсаткичлар бўйича бошқалардан устунликка интилаётганларини кузатиш мумкин.

ЎҚИНГ: MWC 2018’да рекорд: бу компания биратўла 15 хил смартфон олиб келди!

Анжуманда тақдим этилган смартфонлар орасида Ulefone T2 Pro модели эса энг ромсиз дизайнли экрани билан журналистларнинг эътирофига сазовор бўлди. Шунингдек, кейинги ойларда деярли барча смартфонсозларда учраётган тенденция – экран масаласида iPhone X дизайнига эргашиш ушбу компанияда ҳам мавжуд.

Ulefone T2 Pro смартфони диагоналига 6,7 дюймли экранга эга, унинг томонлари эса ўзаро 19:9 нисбатда. Дисплейнинг тасвир аниқлиги 2258х1080 пикселни ташкил этади, яъни у FHD+ форматига эга.

Мазкур қурилмага саккиз ядроли MediaTek Helio P70 процессори қўйилган, гаджет 8 ГБ тезкор ва 128 ГБгача доимий хотирага эга. Яна у 256 гигабайтгача ҳажмли microSD форматидаги хотира картасини қўллаб-қувватлайди.

Бошқа жиҳатлари қатори, Ulefone T2 Pro смартфони қўшалоқ камераси билан ҳам мақтанса арзийди. Унинг бош камераси 21 ҳамда 13 мегапикселли сенсорларни ўз ичига олади ва фоточақноққа эга. Селфи учун ҳам зўр – 16 мегапикселли олд камера ажратилган.

Ulefone T2 Pro’да яна бир илғор технология жорий этилган – бармоқ изи сканери ҳам дисплейга интеграция қилинган. Шунингдек, бу моделда дастурий алгоритмлар ҳисобига ишловчи Face Unlock – юз сканери ҳам мавжудлигини компаниянинг яна бир ютуғидир.

Смартфон корпуси 3D-шишадан ишланган, унинг ўлчамлари 165.9х78.3х7.7 миллиметрни, вазни эса 159 граммни ташкил этади. Аккумулятори сиғимдор – 5500 мА/соат бўлишдан ташқари, тезкор қувватлаш функциясига ҳам эга.

Ulefone компанияси мазкур девайсини Wi-Fi 801.11ac, Bluetooth 5.0 ҳамда NFC модуллари билан таъминлаган. Унга Project Treble функциясини ҳам қўллаб-қувватловчи Android 8.1 Oreo операцион тизим талқини ўрнатилган.

Мана, мазкур моделни видеода томоша қиламиз:

Суратлардан ва видеодан ҳам кўриниб турганидек, Ulefone T2 Pro ҳали бозорга чиқаришга тайёр эмас; смартфонсоз буни яшириб ҳам ўтирмаяпти. Компания вакилларининг таъкидлашига кўра, телефоннинг техник таъминоти ҳали такомиллаштиришга, дастурий таъминоти ҳам яхшилашга муҳтож. Унинг савдоси жорий йилнинг июль-август ойларида бошланиши мумкин, смартфонга 399 АҚШ доллари миқдорида нарх белгиланиши айтилмоқда. Балки ўшанда уни онлайн савдо платформалари орқали харид қилиш имкони ҳам пайдо бўлар.

ЎҚИНГ: AliExpress’даги товарларга «Terabayt.uz» орқали буюртма беринг!