Қизлар бепул дастурлаш курсларида қатнашадилар

  •   DiMaX
  •  1202
  •  06.07.2017 12:26

Қизлар бепул дастурлаш курсларида қатнашадилар

Бир ой давомида 60 нафар қиз Тошкент шаҳридаги Инҳа университети қошидаги CodeCraft дастурлаш курсларида бепул таълим оладилар. Бу ҳақда университет сайтида маълумот эълон қилинган.

Мазкур таълим лойиҳаси Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ташаббуси билан Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Лойиҳа доирасида дарслар 10 июль куни бошланади. Дарслар 15 кишилик 4 та гуруҳда икки соатдан ҳафтасига уч марта ўтказилади. Лойиҳа иштирокчилари «Scratch» тилида дастурлаш ва «MIT App Inventor» платформасидаги «Android» мобил иловаларини яратишни ўрганадилар.


CodeСraft курслари раҳбари Нуриддин Нуримов шундай деди: «Мазкур қўшма лойиҳа қизларнинг салоҳиятини оширишга ва ахборот технологиялари соҳасида гендер тенгликни таъмирлашга қаратилган. Ҳозирда дастурлаш эркакларнинг касби, деб қараладиган стереотип мавжуд. Қизлар ҳам яхши дастурчи бўлишлари ва эркак дастурчиларга рақобатчи бўлишлари мумкин».

«Қизлар дастурлашни келажак касблари сифатида танласалар, улар фойда кўрадилар. Масалан, турмуш қурганларидан сўнг ёки бола парвариш қилиш вақтида, улар уйларидан туриб буюртмаларни бажаришлари ва пул ишлашлари мумкин. Бу орқали улар оила бюджетига маблағ келтирадилар ва ўзларининг иқтисодий мустақиллигини таъминлайдилар», – деди у.

2015 йилда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети 9 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар учун «Codecraft» лойиҳасини ишга туширди. Лойиҳанинг мақсади – болажонларнинг барча салоҳиятларини рўёбга чиқариб, компьютерда ижодий ишларни бажаришга ўргатишдир.

Ҳозирда лойиҳа доирасидаги дастурлаш курслари «Scratch» тилида ўтилиб, «MIT App Inventor» платформасидаги «Android» мобил иловалари асосида веб-сайтларни яратиш ўргатилади.