Ромсиз Huawei P20 Lite’нинг ҳар томонлама «жонли» суратлари ва видеоси тарқалди

  •   DiMaX
  •  812
  •  10.02.2018 12:25

Ромсиз Huawei P20 Lite’нинг ҳар томонлама «жонли» суратлари ва видеоси тарқалди

Huawei компанияси 27 мартда Парижда бўлиб ўтадиган матбуот анжуманида ўзининг навбатдаги – P20 туркумига мансуб смартфонларини намойиш этмоқчи эканидан хабарингиз бор. Бу туркумга Huawei P20, P20 Plus ҳамда P20 Lite моделлари кириши ҳақида ҳам ёзганмиз.

ЎҚИНГ: Huawei P20’лар тақдимотига таклифнома тарқатяпти – унда P20’ларнинг уч модулли эканига шама қилган

Мазкур учта смартфондан иккитаси учта объективли асосий камерага эга бўлса, «кичик» талқин ҳисобланмиш P20 Lite моделининг бош камераси «атиги» иккита модулга эга. Буни куни кеча инсайдерлар тарқатган «жонли» расмлар ҳам тасдиқлайди.

Келинг, аввал таниқли инсайдер OneLeaks эълон қилган видеони томоша қилсак – унда Huawei P20 Lite рендер-рендери ҳар томонидан кўрсатилган:

Юқоридаги видеороликдан сўнг, турли манбалардан Huawei P20 Lite ҳақидаги бошқа маълумотлар, жумладан, унинг турли томонларидан олинган «жонли» суратлари ҳам «сизиб» чиқа бошлади. Шулар эвазига биз энди хитойлик етакчи смартфонсознинг ушбу маҳсулоти ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлишимиз мумкин.

ЎҚИНГ: Huawei P20 – дунёдаги энг қудратли фантастик смартфон бўлади

Айтиш керакки, ушбу модел купертиноликларнинг iPhone X суперфлагманида қўлланган дизайнерлик ечимларидан айримларини ўзлаштирган. Масалан, дисплейнинг тепа қисмида олд камера ҳамда сўзлашув динамиги учун очилган «ўйиқ» бор, шунингдек, орқа панелдаги қўшалоқ камеранинг жойлашуви ҳам юбилей айфонидаги билан бир хил. Фақат Huawei негадир экраннинг пастида анча энли ром қолдирган.

Корпуснинг орқа томонида, қўшалоқ камера ва унинг модуллари остидаги фоточақноқдан ташқари, бармоқ изи сканерига ҳам ўрин ажратилган.

Смартфон корпусининг пастки қиррасида замонавий USB Type-C порти ҳамда анъанавий 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши мавжуд. Ўнг томон қиррадан эса қурилмани ёқиш-ўчириш ҳамда овозни баландлатиш-пастлатиш тугмачалари ўрин олган.

Хабарларга кўра, Huawei P20 Lite томонлари ўзаро 18:9 нисбатда бўлган 5,8 дюймлик экран билан жиҳозланган, дисплейининг аниқлиги эса 2280х1080 пикселга тенг. Унга Kirin 970 процессори, 4 ГБ тезеор ва 32 ГБ доимий хотира, 3000 мА/соат сиғимли аккумулятор қўйилган. Смартфон Android 8.0 Oreo операцион тизим талқини бошқаруви остида ишлайди.

Эътибор беринг: юқоридаги видео, расмлар ва маълумотлар ҳали Huawei P20 смартфонларининг Lite-версиясига тегишли. Шундай экан, унинг базавий ва «катта» – P20 Plus талқинлари қандай бўлишини тасаввур қилаверинг...

ЎҚИНГ: Huawei мухлислари учун ёқимли совға тайёрланди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.