Рус телеканалларининг бирида нейрон тармоқ томонидан яратилган виртуал об-ҳаво маълумотчиси иш бошлади

Рус телеканалларининг бирида нейрон тармоқ томонидан яратилган виртуал об-ҳаво маълумотчиси иш бошлади

Сунъий интеллект ва илғор технологияларнинг кундан-кунга ривожланиб бориши билан бирга уларнинг ҳаётимизга интеграциялашуви реаллик ва виртуаллик ўртасидаги чегараларни тобора хиралаштирмоқда. Биз шу даражага етиб келдикки, бугунги кунда Интернетда кўриб турган сурат ёки видеойингиз қанчалик ҳақиқий кўринмасин у нейрон тармоғи томонидан яратилган бўлиб чиқмоқда. Ана шундай сизни "қандай қилиб буни нейрон тармоқ яратган бўлиши мумкин?" дея ўйлантириб қўядиган ҳолат эндиликда Россия телеканалларининг бирида содир бўлмоқда.

Россиянинг СвоеТВ деб номланувчи телеканалида Снежана Туманова об-ҳаво маълумотлари билан таништирувчи сифатида иш бошлади. Қизиғи шундаки, у ҳақиқий аёл эмас. Снежана бир нечта нейрон тармоқлар йиғиндиси ҳисобланади. Уларнинг бири виртуал қаҳрамонимизнинг ўзи бўлса, яна бир дастур учун матн тайёрлайди, бошқаси график ишлар билан шуғулланади.

Снежана олиб борадиган дастур номи ҳам замонавий: "Келажак прогнози". Унда Снежана сизни об-ҳаво маълумотлари билан таништиради. Унинг гапиришидан унинг ҳақиқий эмаслигини сезиш мумкин, шу билан бирга, дастур бошланишида у ўзиниг нейрон тармоқ томонидан яратилганлигини айтиб ўтади.

"Мен касал бўлмайман, таътилга чиқмайман ва тушлик учун танаффусга муҳтож эмасман", – дейди Снежана Туманова.

СвоеТВ ўзининг виртуал ишчисини "шуҳратпараст ва инсоний рақобатчиларни тўлиқ алмаштиришни мақсад қилган"лигини таъкидлайди. Бироқ, телеканал раҳбарияти ҳозирча ҳақиқий шахс билан олиб бориладиган об-ҳаво дастуридан воз кечмоқчи эмас.

Таъкидлаш жоизки, бу биз биринчи марта виртуал бошловчини кўришимиз эмас. Тиниб-тинчимаган хитойликлар аллақачон ўзларининг янгиликларини мана шундай виртуал бошловчилар билан олиб боришни бошлаб юборишган.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!