Samsung навбатдаги «қўш кўзли» смартфони – Galaxy C8’ни тақдим этди!

Samsung навбатдаги «қўш кўзли» смартфони – Galaxy C8’ни тақдим этди!

Samsung компанияси Хитойда ўзининг навбатдаги қўшалоқ объективли смартфони – Galaxy C8 моделини тақдим этди. Бу қурилма ҳақда компания сайтининг хитойча талқинида маълумот эълон қилинган.

Айтиш керакки, смартфоннинг бош камерасини қўш объективли қилишга Samsung бирмунча кеч киришди. Улардан биринчиси Galaxy Note 8 флагмани бўлса, иккинчиси – бир неча кун аввал намойиш этилган, ўрта нарх тоифасидаги Galaxy J7+ моделидир. Бу турдаги учинчи смартфони – Galaxy C8’нинг 16 мегапикселли олд камераси ҳам фоточақноққа эга. Орқа панелида эса 13+5 мегапикселли қўшалоқ асосий камера бор.


Бир қараганда, Galaxy C8 гаджетини, аслида, Galaxy J7+ смартфонининг хитойча версияси, десаям бўлади. Тўғри, унинг хотира опциялари нисбатан кенгайтирилган, аммо бошқа жиҳатлари айтарли фарқ қилмайди. Бу смартфон ҳам металл корпусли, бармоқ изи датчиги «Уйга» тугмачасида жойлашган. Гаджет Bixby Home иловасига ва дисплейи «ҳамиша ёқиқ» (Always On Display) функциясига эга. Galaxy C8 модели 5,5 дюймлик диагоналга ва Full HD (1920 х 1080 пикселли) сифатга эга Super AMOLED-дисплей билан жиҳозланган.

Ушбу қурилмага саккиз ядроли MediaTek Helio P20 процессори, 3 ёки 4 гигабайтлик тезкор хотира ҳамда 32 ёки 64 гигабайтлик ички флеш-хотира ўрнатилган. Қўшимча тарзда унга 256 гигабайтгача сиғимли microSD карта жойлаш мумкин.


Смартфоннинг батареяси 3000 мА/соат сиғимга эга. Девайс Android 7.1.1 Nougat операцион тизими бошқаруви остида ишлайди. Иккита SIM-картадан фойдаланиш имкони, 4G VoLTE, Wi-Fi (802.11), Bluetooth 4.2 ва GPS интерфейслари мавжуд. Ўлчамлари 152,4 x 74.7 x 7,9 миллиметрни, вазни эса 180 граммни ташкил этади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.