Samsung Notebook 9 Pro трансформери тақдим қилинди

Samsung Notebook 9 Pro трансформери тақдим қилинди

Samsung компанияси Тайванда ўтказилган Computex 2017 электроника маҳсулотлари кўргазмаси доирасида 3 июн куни Notebook 9 Pro номли янги “трансформер”, яъни экран панели клавиатурага тўлиқ суяниб, планшет шаклига айланувчи гаджетни тақдим қилди. Унинг 2016 йилдаги Notebook 9 Spin’дан фарқли жиҳати — клавиатура панелидаги махсус бўлмачага жойлаштирилган S Pen стилусидир. Энди ўз хонасига эга стилусни йўқотиб қўйиш эҳтимоли пасайди.

Windows 10 Home операцион тизимида фаолият кўрсатадиган ноутбук 2 талқинда — 13.3 дюйм ҳамда 15 дюйм экранли версияларда ишлаб чиқарилмоқда. Notebook 9 Pro Full HD (1080p) сиғимли сенсор экранга эга. Экран панели 360 градусга букиладиган ошиқ-мошиқ ёрдамида орқага тўлиқ ётади. Ундан планшет сифатида ҳам фойдаланиш мумкин. S Pen қаламчаси 4000 тагача бўлган зарб даражасини тушунади, шунингдек ҳам Windows Ink, ҳам компаниянинг Galaxy смартфон ва планшетларида жорий қилинган шахсий Air Command номли дастурларини қўллаб-қувватлайди. Унинг ёрдамида сурат чизиш, матн таҳрир қилиш, қайдлар ёзиб қолдириш мумкин.

Notebook 9 Pro ноутбукининг юқори талқини Intel’нинг сўнгги авлод Core i7-7500U процессори, AMD’нинг 2 ГБ сиғимли Radeon 540 видеокартаси, 16 ГБ тезкор ва 256 гигабайтли доимий хотира билан таъминланган. Унинг 13.3 дюймли талқинига Intel’нинг HD Graphics 620 видеокартаси, 8 гигабайтли тезкор хотира ўрнатилган. Лаптопда 2 та катта ҳажмли USB портлари, USB Type-C порти ва HDMI порти, шунингдек microSD хотира флешкаси бўлмачаси мавжуд.

Notebook 9 Pro’нинг куч-қуввати учун 5400 мА соатлик электр токи сиғимига эга аккумулятор жавобгар. У USB Type-C порти ёрдамида тезкор қувват олиш кўникмасига эга. HD (720p) камера Windows’нинг фойдаланувчи қиёфасини таниб, тизимни очадиган “Hello” дастури билан марказлашган. Клавиатура остки ёритиш чироқлари билан таъминланган.

Notebook 9 Pro 2×2 Wi-Fi a/b/g/n/ac ва Bluetooth 4.1 симсиз алоқа стандартларида ишлайди.

Notebook 9 Pro’нинг 2017 йил сўнгида 1000 АҚШ долларидан бошлаб сотувга чиқарилиши кутилмоқда. Core i7 процессорли талқин эса $1,500 долларгача сотилиши мумкин.