Тармоқ / тизим администратори

Тармоқ / тизим администратори

Ўтган сафарги постимнинг охирида агар сизга дастурлаш қийиндай туюлса, бошқа соҳа ҳам бор дегандим. Бугун шу ҳақида ёзмоқчиман. Бир нарсани айтиб ўтишим керак, бугун гапирадиган йўналишлар мен айтганчалик осон эмас, лекин дастурлашдан маълум фарқли жиҳатлари бор. Уларга ҳам тўхталаман охирроғида.

Бугунги кунда интернет ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига кириб анчагина қулайликлар яратиб беряпти. Унинг ҳали фойдаланилмаган имкониятлари ҳам талайгина. Энди савол: интернет ўзи нима, у қандай ишлайди? Бу аслини олганда жудаям мураккаб савол. Бу саволга батафсил жавоб беришингиз учун эса сиз тармоқ администратори (network administrator) бўлишингиз керак. Бу нафақат қизиқ, балки яхшигина даромадли соҳа ҳам. Худди дастурлашдаги каби, қаерга борманг, сизга доим иш топилади, “мўмайгина маош” тайин. Қолаверса, бунинг учун университетни айнан шу соҳада битириб чиқишингиз шарт эмас. Бутун дунёга ўзининг юқори сифатли ва чидамли тармоқ қурилмалари билан танилган “Ciscо” корпорациясининг дунёнинг 150 дан ошиқ давлатларда ўқув академиялари фаолият юритади. Шулар қаторида Ўзбекистонда ҳам: бизда энг номдори UzSciNet қошидаги ўқув маркази. Бу ерда бошқа давлатлардагидан арзон нархда 5–6 ой муддатга бошланғич сертификат учун ўқишингиз мумкин (CCNA Switching and Routing). Бу курс йилда 2–3 марта очилади, холос. Шунинг учун агар ўқиш истагингиз бўлса, қўнғироқ қилиб аввалдан ёзилиб қўйишингиз ёки компаниянинг фейсбукдаги саҳифасини кузатиб боришингиз керак. Курс якунлангандан кейин сертификатни олиш учун алоҳида имтиҳон топширишингиз керак. Қунт билан ўқисангиз имтиҳон умуман қийинчилик туғдирмайди. Ушбу сертификатнинг обрўси чет элда Ўзбекистондагидан анча юқорилигини ҳам айтиб ўтишим керак. Кейинчалик ўзингизнинг қизиқишингизга қараб юқори даражадаги сертификатларни олишингиз мумкин. Мендан яна битта текин маслаҳат: Диля опа (тўлиқ исмларини билмайман,  чунки ҳамма шунақа чақирарди) деган ўқитувчида ўқинг. Мен ўқиганимда 1-ярмида бошқа ўқитувчи, 2-ярмидан Диля опа киргандилар. Ўқитувчида ҳам гап кўплигига ўшанда яна бир бор ишончим комил бўлган.

Савол: Мен Австралияда сиздек ўқимоқчиман. Грант ютиш имконияти қанақа? Қанча пул топа оламан борганимдан кейин? Қолган қисмини ишлаб топа оламанми? Ўқишга топшираяпман,  IELTS балим яхши. Қайси соҳани ўргансам борганимда Австралияда яхши пул тўлайдиган иш топа оламан?

Жавоб: Бошқа ўқишларни билмадиму, лекин бизнинг ўқишда мен ўқиётган соҳага топширсангиз грант ютиш имкониятингиз анча баланд. Агар баҳоларингиз ва ҳужжатларингиз яхши бўлса. Ўртача 25%, Кўпи билан 50% ютишингиз мумкин. Қолган қисмини тўламоқчи бўлсангиз, албатта,  қўшимча маблағ керак. Лекин тармоқ CCNA сертификатини олиб Ўзбекистонда камида ярим йиллик иш тажрибасига эга бўлсангиз (исталган интернет провайдерда техник бўлиб), бу ерда

1. Сизниг иш топиш имкониятингиз анча юқори;

2. Грант ютиш имкониятингиз ҳам анча ошади.

Бу фақат Австралияда ёки Мелбурн Университетига эмас, балки исталган бошқа ривожланган давлатга ва нуфузли университетга тааллуқли. Ушбу линк орқали тармоқ администраторларининг Австралиядаги маоши ҳақида билиб олишингиз мумкин. Бу ерда эса маош ва бошқа статистик маълумотларни ҳам билиб олишингиз мумкин. Au.indeed.com сайтида ҳозирдан мавжуд иш ўринлари ҳақида маълумот олишингиз мумкин. Бу касб билан ўқиш ва яшаш харажатларини эпласа бўлади.

Агар дастурчи бўлсангиз ҳам, албатта, сизда анча кенг имкониятлар мавжуд лекин тармоқ администратори дастур яратмайди балки тайёр яратилган дастур ва қурилмаларни соз ҳолатда сақлашга ва улардан унумли фойдаланишга жавобгар. Бу худди бухгалтернинг ишига ўхшайди: барча формула ва қонун-қоидалар тайёр ёзилган — сиз улардан фойдаланиб мижозингизнинг солиқ ва бошқа мажбуриятларини енгиллатишингиз керак. Тажрибангиз ошиб боргани сари бу ишларни карра жадвалидай эплай бошлайсиз.
Агар имконият ва қизиқиш бўлса, тармоқ администраторининг ёнига тизим администраторлигини (System administrator) қўшишингиз мумкин. Бу касб эгалари сервер ва бошқа маълумот марказларини созлаш учун жавобгар бўладилар ва кўп ҳолларда асосий ишлари Linux операцион тизими билан ишлаш бўлади. Буни ўрганишингиз учун ҳеч қандай курс ҳам шарт эмас. Шунчаки компютерингизга Linux ОS (бошловчилар учун Ubuntu  дистрибутиви анча осон ва оммабоп) ўрнатинг. VMW ёки VirtualBox'дан фойдаланиб виртуал тизим сифатида ўрнатсангиз Windows ичида уни ишга туширишингиз ва қандайдир хатолик юз берганда аввалги ҳолатга қайтаришингиз анча осон — бошловчилар учун жуда қулай. Охир-оқибат шу иккала соҳани ўзлаштириб,  Голливуд киноларидаги хакерга айланиб кетишингиз ҳам ҳеч гапмас).

P.S. Юқорида берган маслаҳатларим билан мен шу йўлдан кетсангиз барчаси мен айтгандай бўлишига кафолат бермайман. Охир-оқибат ҳаммаси ўзингизга боғлиқ. Ўзингиз ҳам қўшимча изланишингизни тавсия қиламан.

Баҳриддин Абдиев