Тошкентда “Django Girls” дастури бўйича маҳорат мактаби бўлиб ўтди

Тошкентда “Django Girls” дастури бўйича маҳорат мактаби бўлиб ўтди

2017 йилнинг 26 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамда “Super Dispatch” Ўзбекистонда биринчи маротаба “Django Girls” дастури бўйича қизлар учун бепул маҳорат мактабини ўтказишди. Бу ҳақда университетнинг расмий сайтида хабар берилмоқда.

“Django Girls” – бутун дунё ташаббуси бўлиб, унинг асосий мақсади — маҳорат мактабларини ташкил этиш орқали қизлар орасида, жумладан,  “Python” ва “Django” каби дастурларни оммалаштиришдир.

2014 йилдан бери ер юзининг турли бурчакларидан бўлган 1,22 минг нафар кўнгиллилар дунёдаги 81 мамлакатнинг 353 шаҳрида 544 та тадбир ташкиллаштиришди. Мазкур тадбирларда умумий ҳисобда бутун дунё бўйича деярли 12,2 минг нафар аёллар иштирок этишди.

Ҳар бир тадбирда 30-70 нафар иштирокчилар HTML, CSS, Python ва Django ёрдамида ўзларининг биринчи веб-лойиҳаларини яратишади.

“Django Girls Tashkent” тадбири “Django Girls” дунё ташаббусининг бир қисми бўлиб, у қизларга дастурлаш оламини ҳис этиш имкониятини тақдим этади.

Тадбирга Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамда “Super Dispatch” компанияси, шунингдек, “Django Girls” халқаро ҳамжамияти ташкилотчилик қилишди. Лойиҳани “Ground Zero”, “MyTaxi”, “GitHub” ва “Python” қўллаб-қувватлашди.

Маҳорат мактабида қатнашиш учун 70 нафардан зиёд қизлар рўйхатдан ўтди. Иштирокчилар гуруҳларга бўлинди, ҳамда маҳоратли менторлар бутун дунёда “Django Girls” тадбирларида ишлатиладиган дастур қўлланмаларидан фойдаланишга кўмаклашиб юборишди.

Дарс жараёнида иштирокчилар “Django”, “Python”, “HTML” ва “CSS”, шунингдек, “github” лойиҳаси билан ишлашни ўрганиб олишди.

Ҳилола Умарова, “Django Girls Tashkent” лойиҳасининг ташкилотчиси, қайд этди: “Лойиҳа қизларни ахборот технологиялари соҳасига жалб қилишга қаратилган, сабаби, мазкур соҳада ҳалиям аёллар сони кам. Маҳорат мактаби қизларга дастурлаш жудаям осон ҳамда қизиқарли эканлигини кўрсатиб берди”.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Саид Мамуров

Terabayt.uz'нинг энг меҳнаткаш ходимларидан. Севимли машғулоти интернет титиб, ахборот технологияларига оид энг сўнгги хабарларни мутолаа қилиш. Бу орада уларнинг ичидан яхшиларини териб олиб, сизларга ҳавола қилиб туради.