Xiaomi: 30 ноябрда яна битта арзон смартфон!

Xiaomi: 30 ноябрда яна битта арзон смартфон!

Жорий ойнинг бошида Xiaomi ўзининг иккита ҳамёнбоп смартфони – Redmi Y1 ҳамда Redmi Y1 Lite моделларини тақдим этган эди. Кеча эса Xiaomi яна битта ҳамёнбоп смартфонни тез орада намойиш қилиши ҳақида ўзининг Twitter-аккаунти орқали хабар берди.

ЎҚИНГ: Xiaomi’нинг селфисеварларга совғаси – Redmi Y1 ва Redmi Y1 Lite тақдим этилди

Xiaomi компаниясининг расмий Twitter-аккаунтида ёзилишича, янги қурилма 30 ноябрдаёқ Ҳиндистонда тақдим этилади. Бу телефон модели ҳақида ҳали ҳеч нима маълум эмас, ҳатто мутахассислар ҳам «хитойча Apple»нинг янги смартфони қандай бўлиши ҳақида аниқроқ фикр айта олишмаяпти. Фақат битта нарса маълум: модомики смартфон Redmi туркумига мансуб экан, у ҳамёнбоп модел бўлади.

Компания ўзининг янги смартфонини «Desh Ka Smartphone» деб атаяпти, аммо бунинг қандай маъно англатишини ҳам ҳеч ким билмаяпти. Афтидан, бу шунчаки эътиборни тортиш учун ўйлаб топилган номдир. Айримларнинг фикрича, корпорация октябрдаёқ Хитойда намойиш этган Redmi 5A моделини энди Ҳиндистонда тақдим этмоқчи.

ЎҚИНГ: Энг арзон "Xiaomi" – Redmi 5A тақдим қилинди

Агарда Xiaomi чинданам бирор янги модел эмас, балки шу ҳамёнбоп Redmi 5A смартфонини Ҳиндистонда намойиш этишини назарда тутаётган бўлса, ихлосмандларнинг ҳафсаласи пир бўлиши аниқ. Лекин бу эълон янги қурилма ҳақида бўлса, унинг хусусиятлари яқин орада маълум бўлиб қолиши мумкин.

Яна бир жиҳати бор – селфи-камераси кучли, ўзи ҳамёнбоп Redmi Y1 ҳамда унинг «Lite» талқини жуда оммабоплиги сабабли, Xiaomi унинг яхшиланган версияси – Redmi Y1 Pro ёки Y1 Plus деб номланувчи смартфонини тақдим этиши ҳам мумкин. Бу борада янгиликлардан биринчилар қатори хабардор бўлиш учун биздан узоқлашманг.

ЎҚИНГ: «Малика»да Xiaomi Redmi смартфонларининг сўмдаги нархлари (2017 йил 23 ноябрь)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.