Xiaomi Mi 7’ни «жонли» суратларда кўрсатишди: қўшалоқ камера ва «кемтик»ли экран

  •   DiMaX
  •  1322
  •  09.05.2018 15:39

Xiaomi Mi 7’ни «жонли» суратларда кўрсатишди: қўшалоқ камера ва «кемтик»ли экран

«Хитойча Apple» ўзининг еттинчи авлод флагманини 23 май куни намойиш этишга тайёргарлик кўрмоқда. Унинг турли хусусиятлари ҳақида маълумотлар тарқалган, шунингдек, инсайдерлар бу қурилманинг айрим суратларини ҳам ошкор этишган.

Лекин энг қизиғи – Mi 7’нинг барча маълумотлари эҳтиётсизлик сабабли Xiaomi сайтига чиқиб кетганлиги бўлди. Компания буни пайқаб қолиб, тезда маълумотни яширган, аммо веб-саҳифадан олинган скриншотлар тарқалиб улгурган.

ЎҚИНГ: Mi 7 нархи, расмий сурати ва бошқа маълумотлари Xiaomi сайтига чиқиб кетди

Энди эса Weibo ижтимоий тармоғида ҳам Xiaomi Mi 7 прототипининг «жонли» расмлари эълон қилинди. Келинг, уларни бирга кўриб чиқамиз.

Илк тасвирда асосий камерасининг модуллари тикка жойлашган иккита смартфон акс этган. Афтидан, булар – Xiaomi Mi 7 ҳамда унинг каттароқ – Mi 7 Plus моделидир.

Гаджетнинг орқа панелида бармоқ изи сканерига ҳам кўзимиз тушади. Демак, Mi 7 моделида бу датчикнинг бевосита дисплейга интеграция қилинганлиги ҳақидаги хабарлар ўз тасдиғини топмади.

ЎҚИНГ: Mi 7 Plus – сканерли ва «ўйиқ»ли экранга эга илк Xiaomi смартфони!

Навбатдаги суратларда эса Xiaomi Mi 7 телефонининг олд панелини намойиш этилган.

Кўриб турганингиздек, унинг дисплейи iPhone X дизайнида – тепасида «ўйиқ» мавжуд.

Аввалроқ тарқалган маълумотга кўра, бу «кемтик»да тўлақонли юз сканери – 3D Face (купертиноликнинг суперфлагманидаги Face ID аналоги) тизимининг махсус датчиклари жойлашган.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi 7 экрани суратлари чиқди: «ўйиқ»ли экран ва тўлақонли 3D Face юз сканери!

Кейинги расмда бўлса ёқиқ смартфон экранида хитойчада унинг асосий хусусиятлари акс эттирилган.

Ҳозиргача маълум бўлишича, Xiaomi Mi 7 диагонали 6 дюймлик, томонлари ўзаро 19:9 нисбатли AMOLED-дисплейга эга. Унинг «электрон юраги» сифатида Qualcomm Snapdragon 845 процессори танланган, тасвирларни қайта ишлаш учун эса Adreno 540 график тезлатгичи масъул. Девайснинг бошқа жиҳатлари ҳақидаги маълумотларни ҳам турли хабарларимизда эълон қилганмиз.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi 7: яширадиган сирнинг ўзи қолмади

MIUI 9 график қобиғи остидаги Android 8.1 Oreo операцион тизим талқини бошқарувида ишловчи Mi 7 хотирасининг ҳажмига кўра 64 ва 128 гигабайтлик версияларда тақдим этилади. Уларга тегишлича 440 ва 520 АҚШ доллари миқдорида нарх белгиланиши кутилмоқда.

Xiaomi компаниясининг бошқа кўплаб смартфонларини эса юртимизда ҳам расмий кафолат билан харид қилиш имкони мавжуд.

ЎҚИНГ: Ўзбекистон бўйлаб БЕПУЛ етказиб берилувчи Xiaomi смартфонлари ва бошқа гаджетлари нархлари (2018 йил 28 апрель)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.