Xiaomi Mi Notebook Air 12.5 янада “кучайди”, арзонлигича қолди

Xiaomi Mi Notebook Air 12.5 янада “кучайди”, арзонлигича қолди

Xiaomi компанияси ўзининг Mi Notebook Air 12.5 ихчам ноутбукини яқиндагина Intel Kaby Lake процессори билан кучайтирган эди. Кўп ўтмасдан компания бу лаптопнинг имкониятларини кучли процессор ҳамда икки марта катталашган тезкор хотира билан янада оширди.

Нима ўзгарди?
Янгиланган Xiaomi Mi Notebook Air 12.5 энди энергия тежайдиган ва самарали ишлайдиган, частота тезлиги 1.2 ГГц (махсус режимда 3.2 ГГц.гача) бўлган Core i5-7Y54 процессори, 8 ГБ тезкор хотира ва 256 гигабайт доимий хотира билан таъминланган.

Ноутбукнинг ташқи кўриниши ўзгаришсиз қолган. Яъни, 12.5 дюймли, Full HD (1920×1080 пикселли) дисплей, қалинлиги 12.9 мм бўлган металл корпус, USB 3.0, USB Type-C ҳамда HDMI портлари мавжуд. Клавиатура остки ёритгичларга эга. Ноутбук тўлиқ қувват билан 11.5 соатгача ишлайди. Фаол ишлаганда, яъни веб-серфинг, онлайн-видео кўрганда бу қувват унга 7.5 ва 9.5 соатгача етади. Аккумулятор тезкор қувват олиш технологиясига эга бўлиб, 30 минутда 50%гача қувват олади.

Афзаллиги
12.5 дюймли моделларнинг ўзига хослиги — ихчам корпуси ва сиғимдор аккумулятори бўлса, 13.3 дюймли ноутбук моделининг процессори кучлироқ ва мустақил видеокарта. Мустақил видеокартада ўзининг график-тасвир процессори ва тезкор хотираси бор. Яъни, у ноутбукнинг процессорига марказлашмаган ва унинг самарадорлигига салбий таъсир қилмайди.

Нарх-навоси?
Xiaomi Mi Notebook Air 12.5’нинг энг юқори талқини $725 доллардан сотувга чиқарилади. Унинг бош рақиби — Xiaomi’нинг Mi Notebook Air 13.3 ноутбуки бўлиб, Хитой бозорида ундан ҳам арзонроқ, $711 доллардан сотилмоқда.

2016 йилнинг 2 августдан бошлаб Хитой бозорига 13.3 дюймли Mi Notebook Air $750 доллардан чиқарилган эди. Apple MacBook Air’нинг бу ердаги нархи эса $1,050 долларни ташкил қилади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!