Xiaomi Redmi 6 – ҳайратомуз ҳамёнбоп

Xiaomi Redmi 6 – ҳайратомуз ҳамёнбоп

Аксарият одамларнинг фикрича, ҳамёнбоп смартфон ҳар жиҳатдан камчиликларга тўла бўлади. Мисол учун, арзон бўлгандан кейин фаолияти секин бўлади ҳамда кўп ўтмасдан корпус шақир-шуқир қила бошлайди, деган фикрларга ҳамма ишонади. Сабаби, Samsung, LG, Sony, HTC ҳамда бошқа брендларнинг арзон смартфонларида худди шундай муаммолар кузатилган. Мазкур компаниялар харидорларни қиммат моделларга кўпроқ тўлашга мажбур қилиш учун ҳам ана шундай маркетинг сиёсатини юритганлар.

Xiaomi эса арзон смартфон бозоридаги бундай хатоликларни тузатишга ҳамда харидорлар онгидаги бундай қарашларни бартараф қилишда давом этади. Жумладан, янги ҳафтада кутилаётган Xiaomi Redmi 6 смартфони ҳам смартфон бозоридаги муҳим воқеалардан бири бўлади.

XiaomiToday инсайдерлик нашрининг маълум қилишича, ушбу "ақлли телефон" нархига нисбатан ҳайратомуз техник имкониятларга эга бўлади. Мисол учун, смартфоннинг бошланғич талқини 120 АҚШ долларидан сотувга чиқарилади. Маълум бўлишича, ушбу мобил қурилма 5,8 дюймли IPS экран билан таъминланган. Унинг пиксел сиғими ҳам юқори -- 2280 га 1080 та пиксел (FHD+). Экраннинг томонлари нисбати замонавий -- 18,7:9. Шу билан бирга, дисплейга Corning Gorilla Glass 4 ҳимоя шишаси ётқизилади. Бу ҳимоя шишаси қайрилма шаклдаги 2.5D эффектига эга бўлади.

Xiaomi Redmi 6 моделининг қолган ўзига хос жиҳатлари сифатида 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 625 процессорини айтиш мумкин. Унинг частота интервали 2,0 ГГц.ни ташкил қилади.

Смартфоннинг 2/3/4 гигабайт ҳажмли тезкор хотирага эга талқинлари ишлаб чиқарилади. Мос равишда уларга 16/32/64 гигабайтли доимий хотира ўрнатилади.

Xiaomi Redmi 6 смартфони 2 та SIM-картани қўллаб-қувватлайди. Унда бармоқ изи сканери бўлади.

Девайснинг бош камераси 12 Мп + 5 мегапикселли қўш сенсорлардан иборат бўлади. Олд камера учун 16 мегапиксел аниқлигидаги сенсор ўрнатилган. Олд камерада Face Unlock тизими ҳам татбиқ қилингани айтилмоқда.

Гаджетда Wi-Fi 802.11n (2,4 ГГц + 5 ГГц), Bluetotoh 5.0, GPS, A-GPS ҳамда ГЛОНАСС модуллари, 4G VoLTE алоқа тармоғига мўлжалланган модем, Quick Charge 2.0 технологияси бўйича тезкор қувват оладиган 3890 мА соат ток сиғимига эга аккумулятор бўлади.

Зарурат туғилганида, Xiaomi Redmi 6 моделининг microSD бўлмачасига маълумот сиғими 256 ГБ бўлган хотира картасини ўрнатиш мумкин.

Xiaomi Redmi 6 корпуси металлдан тайёрланган бўлса ҳам, орқа панелнинг юқори ва қуйисида пластик улоқлар мавжуд.

Смартфон ўлчамлари: 149,33 × 71,68 × 8,75 мм, вазни эса 178 грамм.

Xiaomi Redmi 6 ҳамёнбоп смартфони қадоқдаёқ Android 8.1 Oreo'нинг ўзлаштирилган MIUI 9 операцион тизими бошқарувида фаолият кўрасатади. Project Treble функциясига эга смартфон Google компаниясидан дастурий янгиланишларни тезкор олиб туради.