Xiaomi Redmi Pro’да олинган илк суратлар ҳайратланарли сифатга эга

Xiaomi Redmi Pro’да олинган илк суратлар ҳайратланарли сифатга эга

Xiaomi компанияси томонидан 27 июль куни тақдим этилган Redmi Pro смартфони қатор ўзига хос жиҳатларга эга. Биринчи навбатда, аппарат корпусининг металлдан тайёрлангани, иккинчидан унинг диагонали 5.5” дюйм, FullHD сиғимли (1920×1080) экрани илғор AMOLED платформасида ишлайди. Ва, яна бир муҳим жиҳати – унинг икки “кўзли”, “ўткир нигоҳли” камераларидир. Қолаверса, шунча жиҳат билан бирга, Redmi Pro’нинг арзонлиги смартфон бозорида барчанинг диққат-эътиборини тортмоқда.

Redmi Pro бугунги флагманларга хос 2 та бош камералар билан таъминланган. Уларнинг бири оқ-қора рангларга диққат қаратса, бошқаси манзарани рангли диапазонда кўради. Ундан сўнг иккала камера муҳрлаган деталлар бирлашиб, ягона – рангларга тўйинган сурат ҳосил бўлади. Натижада, юқори сифатли суратларга гувоҳ бўлиш мумкин. Xiaomi компанияси фойдаланувчиларни мазкур технология имкониятларига ишонтириш учун интернет тармоғига унда олинган илк суратларни эълон қилди.

Redmi Pro’даги қўш камераларнинг ҳар иккаласи 13 мегапикселли сиғимдаги сурат олади. Улар  Sony IMX258 сенсорига эга. Шунингдек, унинг 5 мегапикселли сенсори Samsung’нинг маҳсулоти. Яъни, ҳар иккала камера сенсорлари нуфузли брендларга тегишли.

Шу билан бирга, Redmi Pro’да ImagiQ деган махсус чип ўрнатилган. У суратга олинаётган манзаранинг қаъридаги ранг-тасвирнинг гавдаланиши учун масъул. Натижада, фойдаланувчи сурат олинганидан кейин ҳам расмга фокус танлаш имкониятига эга бўлади. Боиси, суратдаги ҳар бир нуқта аниқ-тиниқ ва ёрқин акс этади.

Кўриб турганингиздек, Xiaomi эълон қилган суратлар чиндан ҳам юқори сифатли. Аммо, компания ёруғлик паст жойда смартфоннинг суратга олиш имконияти акс этган фотографияларни ҳам эълон қилганида яхши бўлар эди.

Гаджет Android 6.0 Marshmallow операцион тизимининг мослаштирилган MIUI 8 талқинида ишлайди. 10 ядроли MediaTek Helio X25 процессори билан таъминланган Redmi Pro смартфони август ойида қуйидаги талқинларда сотувга чиқарилади:

  • Xiaomi Redmi Pro 3/32 ГБ, Helio X20 – $225 доллар.
  • Xiaomi Redmi Pro 3/64 ГБ, Helio X25 – $255 доллар.
  • Xiaomi Redmi Pro 4/128 ГБ, Helio X25 – $300 доллар.
Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.