Xiaomi смартфонлари бунчалик оммабоплигининг 5 сабаби

  •   DiMaX
  •  6131
  •  13.11.2017 18:42

Xiaomi смартфонлари бунчалик оммабоплигининг 5 сабаби

Ҳали яқинларгача смартфон деганда кўпчилик биринчи навбатда Apple ва Samsung қурилмаларини тушунар эди, бугунга келиб эса кўплаб ишлаб чиқарувчиларнинг турли моделлари оммалашиб бораётир. Бутун дунёда бўлганидек, Ўзбекистонда ҳам тобора кўп ихлосмандларига эга бўлиб бораётган смартфонсозлардан бири эса, шубҳасиз, Xiaomi ҳисобланади. Лайфхакер нашри ушбу бренд смартфонларининг тез оммалашуви сабабларини ўрганиб чиқиб, мақола тарзида тақдим этган.

Хўш, уларга бир назар соламиз-а?

1. MIUI операцион тизими

Балки кўпчиликнинг хабари ҳам йўқдир – Xiaomi дастлаб Android асосида ўз прошивкасини ишлаб чиқишга йўналтирилган софтвейр стартапи бўлган. Унинг ҳозирги деярли барча (Mi A1 моделидан бошқа) смартфонлари мана шу – MIUI қобиғи бошқаруви остида фаолият юритади. Яратилганидан буён ўтган етти йил мобайнида у Android экотизимидаги энг мукаммал муқобил операцион тизим даражасигача юксала олди.

ЎҚИНГ: Xiaomi смартфонлари учун MIUI 9 расман фойдаланишга топширилди

MIUI’нинг асосий ютуқларидан бири – унинг ажойиб ишланган интерфейсидир. Бугунги кунда у – фойдаланиш чинданам жуда ёқимли бўлган энг чиройли қобиқдир. Бундан ташқари, унинг ташқи кўринишини тайёр мавзулар асосида ва қўшимча тарзда ҳар бир деталини ўзгартириш имкони ҳам мавжуд. Натижада, ҳар қандай талабчан фойдаланувчи ҳам уни ўзига мос кўринишга келтириб фойдаланиши мумкин.

Аммо MIUI бундай юксакликка фақат дизайнерларнинг меҳнати туфайлигина эришган эмас. Xiaomi дастурчилари ҳам унинг устида яхшигина тер тўкишган. Мазкур операцион тизим таркибига оддий Android’да мавжуд бўлмаган кўплаб қулайликлар ҳам киритилган. Жумладан, тизимнинг ўзидаги антивирус, қўшимча иш майдони, иловаларни клонлаш, сенсор ёрдамчи, қувват тежаш режимлари ва фақат Xiaomi смартфонлари соҳибларигина фахрлана оладиган бошқа кўплаб опциялар бор.

2. Мунтазам янгиланишлар

Xiaomi компанияси ўз смартфонларининг дастурий таъминотини такомиллаштириш устидаги ишларни бирор кунга ҳам тўхтатиб қўймайди.

MIUI операцион тизим қобиғи ишланмалари иккита тармоққа бўлинади: барқарор ва дастурчиларга мўлжалланган прошивкалар. Барқарор прошивкалар одатда ҳар ойда бир марта янгиланади, дастурчиларга мўлжалланганлари эса ҳар ҳафта янгиланиб туради. Бета-тестерлар уни синаб кўриб, хатоларини кўрсатишади, таклифларини киритишади ва шу тариқа, дастурий таъминот иши такомиллаштириб борилади.

ЎҚИНГ: Xiaomi’нинг MIUI 9 бета-тестерлари жамоасига қўшиласизми?

Тан олиш керак – бунақа қўллаб-қувватлаш тизими билан ҳар бир смартфонсоз ҳам мақтана олмайди. Бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг смартфонлари, одатда, прошивка тақдим этилганидан кейинги икки ой мобайнида бир нечта патчларни қабул қилади – улар энг асосий хатоларни бартараф этишга қаратилган бўлади. Кейин эса дастурчилар янги моделларнинг прошивкалари устида ишлашга ўтиб кетишади.

3. Қувватни узоқ сақлаш

Xiaomi’нинг барча гаджетлари ҳам батареясининг рекорд ҳажмли сиғими билан мақтана олмайди. Аммо бу компаниянинг смартфонларида қувват, бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг худди шундай ҳажмдаги сиғимга эга бўлган аккумуляторли моделларидан кўра анча узоқ вақтга етади.

Бунинг сабаби ҳам яна уларнинг операцион тизимига бориб тақалади. MIUI қобиғида бир қатор қувват тежовчи технологиялар жорий этилганки, шулар шарофати билан смартфоннинг қувват сарфини камайтириш мумкин. Жумладан, куннинг турли вақтларида муайян самарадорлик режимларига ўтиш, ўрнатилган иловаларнинг фон режимидаги фаоллигини оқилона бошқариш, хотирани оптималлаштириш ва Xiaomi’нинг ўз ишланмаси бўлган бошқа бир қатор функциялар мавжуд.

4. Xiaomi’нинг бошқа гаджетлари билан интеграция

Ҳа, ҳақли равишда «хитойлик Apple» дея таърифланувчи бу компания нафақат смартфонлар, балки кўп турдаги бошқа девайслар ҳам ишлаб чиқаради. Масалан, чойнаклар, кроссовкалар, фитнес-билагузуклар, чироқлар, велосипедлар, уй учун датчиклар – ва буларнинг ҳаммаси «ақлли» гаджетлар!

ЎҚИНГ: Xiaomi "ақлли кўрпа"ни сотувга чиқарди

Мазкур маҳсулотларнинг барчасига хос умумий жиҳат бор, бу – ўзаро алоқага киришиб, ягона экотизим яратиш қобилиятидир. Бу тизимнинг марказида сизнинг смартфонингиз туради; унга уланган барча қурилмаларни эса махсус дастурлар ёрдамида шу смартфон орқали бошқарасиз.

Агарда сиз Xiaomi смартфонини ишлатадиган бўлсангиз, бу компаниянинг бошқа гаджетларини бошқариш анча қулай ва ёқимли бўлади. Бунинг учун оддий Android тизимли бошқа смартфондан фойдаланадиган бўлсангиз, у қадар осон бўлмаслиги мумкин.

5. Нарх

Бу компаниянинг илк смартфонлари ғайриоддий тарзда арзонлиги ва рақобатбардош хусусиятлари билан ҳаммани қойил қолдирган. Бунга ҳайрон қолмаса ҳам бўлади: дастлабки пайтларда бу компаниянинг мобил қурилмалар бўлими умуман даромад келтирмаган, яъни, смартфонлар ўз таннархида сотилган. Фойдани эса фақат телефонларга татбиқ этилган турли хизмат ва сервислар орқали олиш режалаштирилган.

ЎҚИНГ: Xiaomi смартфонлари нега бу қадар арзон?

Ўшандан бери бирмунча вақт ўтди, компанияни ривожлантиришнинг тижорат моделида ҳам ўзгаришлар бўлди. Шунга қарамасдан, барибир бозордаги смартфонлар орасида Xiaomi мобил қурилмалари нарх-сифат нисбатига кўра энг мақбул ечимлардан бўлиб қолмоқда. Унинг ҳар бир смартфони – ҳамёнбоп Redmi ёки флагман Mi туркумига мансублигидан қатъи назар, ўз нарх тоифасига кўра энг самарали танлов бўла олади. Бу эса савдолар ҳажмига ижобий таъсир этаётганига ҳам гувоҳмиз – компаниянинг смартфонлар савдоси йилдан-йилга юксалиб бораётир.

ЎҚИНГ: «Малика»да Xiaomi смартфонларининг сўмдаги нархлари (2017 йил 23 октябрь)

Ўз-ўзидан маълумки, юқоридаги бешта жиҳат – Xiaomi смартфонларининг афзалликларидан асосийлари, холос. Шунингдек, буни мутлақ ҳақиқат, дея даъво қилишдан ҳам йироқмиз – бунга қарши фикрлар ҳам бўлиши ва ҳар ким ўз аргументини келтириши табиий.

Бироқ мазкур смартфонларни ўзи ишлатиб, бошқалари билан солиштириб кўрганлар бу борада ҳаққоний баҳо беришлари мумкин. Нима дедингиз?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.