Хушхабар: Android учун Telegram 4.8’да зўр имкониятлар тақдим этилди!

  •   DiMaX
  •  3511
  •  07.02.2018 11:04

Хушхабар: Android учун Telegram 4.8’да зўр имкониятлар тақдим этилди!

Юртимизда энг оммабоп мессенжерлардан бўлган Telegram жамоаси тинмай изланиб, ўз фойдаланувчилари учун янгидан-янги имкониятларни тақдим этишдан чарчамаяпти. Жумладан, бугун мазкур мессенжернинг Android-клиенти 4.8 талқинигача янгиланди.

ЎҚИНГ: Хушхабар: Telegram’да каналларни гуруҳлаштириш мумкин бўлади

Telegram 4.8 талқинида Android-қурилмалар эгалари учун тақдим этилган янги имкониятларнинг рўйхати ва қисқача тавсифи қуйидагилардан иборат:

1. Мусиқа ва видеофайлларнинг стриминг – «оқимли» тарзда ижро этилиши. Бу шуни англатадики, энди мессенжер орқали келган бирор видео ёки аудиофайлнинг тўлиқ юкланишини кутмасдан, юкланиш жараёнидаёқ ижросини бошлаш мумкин.

2. Барча видеолар учун «сурат ичида сурат» (Picture-in-Picture) режими амал қилади. Яъни, Telegram орқали юборилган видеони томоша қилаётиб, бир вақтнинг ўзида шу мессенжер орқали чатда ёзишиб ўтириш имкони бор.

3. Медиафайлларга ёзиладиган тагсўзларда матнни турлича Markdown усулида форматлаш мумкин. Бу дегани – энди жўнатилаётган расмлар, видео ёки аудиофайллар билан бирга ёзиладиган матнни курсивли, тўқранг ёки бошқа форматли қилиб ёза оласиз.

4. «Кундузги» ва «тунги» режимларнинг автоматик ёқилиши. Энди сиз Telegram иловангизни автоматик тарзда, куннинг маълум соатларида тунги – тўқранг қиёфага кирадиган, қолган пайтда одатий кўринишли тусга келадиган қилиб созлаб қўйишингиз мумкин. Шунингдек, вақтга эмас, балки ёруғлик датчиги маълумотлари асосида – атрофингизнинг ёритилганлик даражасига қараб ҳам автоматик режим алмашишини созлаб қўя оласиз.

5. Telegram Login Widget – бошқа сайтларда Telegram аккаунти орқали авторизация қилиш жиҳози қўшилди. Бу – мазкур янгиланишда тақдим этилган энг аҳамиятли имкониятлардан биридир. Энди бирор сайтда авторизация қилишингиз учун, худди Facebook аккаунтингиз орқали киргандек, Telegram аккаунтингиз ёрдамида кира оласиз! Гарчи бу мессенжерга телефон рақами орқали кириладиган бўлса-да, у бошқа сайтларга сизнинг рақамингизни тақдим этмайди.

6. Айрим ботлар бирор нима ҳақида хабар бериш учун ўзи биринчи бўлиб ёзиши мумкин. Биламизки, одатда ботлар фойдаланувчининг ёзганига жавоб тарзида бирор нима ёзади/юборади. Telegram 4.8 талқинидан бошлаб, уларнинг айримлари ўзи биринчи бўлиб сизга ёзиши мумкин. Табиийки, сизни ортиқча безовта қилмасликларини ҳам инобатга олишган – ўзингиз рухсат берсангизгина ботлар сизга биринчи бўлиб ёза олади.

ЎҚИНГ: Эҳтиёт бўлинг – Teligram! Оммавий мессенжернинг зарарли клони тарқалди

Павел Дуров жамоасининг ваъда беришича, iOS-девайслар учун Telegram клиенти ҳам яқин орада янгиланади ва Apple гаджетлари эгалари учун ҳам юқоридаги каби қулайликлар тақдим этилади.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.