Янги кун ва саудияликлардан яна бир янги футуристик мега лойиҳа: "Янги Мурабба"ни қарши олинг!

Янги кун ва саудияликлардан яна бир янги футуристик мега лойиҳа:

Аллақачон бир нечта кенг кўламли қурилиш лойиҳаларига эга эканлигига қарамай, Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон мамлакат пойтахтида "Янги Мурабба" номли улкан шаҳар маркази қурилишини эълон қилди.

"Янги Мурабба лойиҳаси барқарорлик концепцияси асосида қурилади. У ерда яшил ҳудудлар, пиёда ва велосипед йўллари мавжуд бўлиб, улар соғлом, фаол турмуш тарзи ва жамоат фаолиятини тарғиб қилиш орқали ҳаёт сифатини оширади. Бундан ташқари, шаҳар ноёб музей, технология ва дизайн университети, кўп мақсадли иммерсив театр ва 80 дан ортиқ кўнгилочар ва маданият масканларини ўз ичига олади." дейилади Янги Мурабба баёнотида.

"Ар-Риёднинг янги юзи" ёхуд бўлажак метрополитен майдони 19 квадрат километр бўлиб, у 104 мингдан ортиқ турар-жой бинолари, 9 мингдан ортиқ меҳмона хоналари ва 980 м² дан ортиқ савдо майдонлари, шу билан бирга, 1.4 миллион м² офис майдони, 620 минг м² дам олиш жойлари ва 1.8 миллион м² жамоат обектларини ўз ичига олади. Қизиғи буларнинг барчаси 15 дақиқалик пиёда юриш радиусида жойлашган бўлади.

Шаҳарнинг энг ўзига хос хусусияти шундаки, унинг марказида куб шаклидаги улкан осмонўпар бино, "Mukaab" жойлашган бўлади. У ҳар томонлама 400 метер ўлчамда бўлиб, унинг ичига 20 та Empire State биносини сиғдириш мумкин.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Mukaab бу – "бошқа дунёга кириш эшиги" бўлиб, у сизга улкан голограмма билан яратилган тажрибани таклиф қилади. Бинонинг ичини тўлиқ виртуал олам дейиш мумкин. У ерда кенгайтирилган реаллик технологиялари ёрдамида ташқи атроф-муҳитдан умуман ўзгача бўлган манзаралар кўрсатиб турилади.

Масалан, Mukaab ичи бир кун Марс сайёраси стилида кўриниш олса, яна бир куни бошқа бир сеҳрли олам тусига киради. Куб марказида спирал шаклдаги баланд бино ҳам жойлашган бўлиб, у туристик диққатга сазовор жойлар, турар-жой ва меҳмонхоналар, савдо марказлари ва дам олиш жойларига эга бўлади.

New Murabba Development Company энг йирик фондга эга бўлган Public Investment Fund (PIF) томонидан молиялаштирилади. У Saudi Vision 2030 режасининг бир қисмидир.

Янги Мурабба шаҳрини 2030 йилгача қуриб битказиш режалаштирилган.

ЎҚИНГ: Ушбу давлат энг биринчи бўлиб 6G тармоғини ишга туширади

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!