Apple янги iPhone'нинг тақдимот кунини эълон қилди

Apple янги iPhone'нинг тақдимот кунини эълон қилди

Ҳеч ким кутмаган бир маҳалда Apple компанияси тўсатдан жорий йилнинг 27 март куни навбатдаги тақдимотини ўтказишини эълон қилди. Анъанага кўра бу йил мартда ҳам америкалик IT-ишлаб чиқарувчининг янги маҳсулотларини қарши оламиз.

Америкалик корпорация оммавий ахборот воситаларига тарқатган таклифномада айнан қайси девайслар тақдим этилишини маълум қилмаган бўлса ҳам, бу йилги тадбирда iPhone SE 2, янги iPad Pro, шунингдек «ҳамёнбоп» MacBook Air 13 каби гаджетларнинг намойиш этилишига шубҳа йўқ. Шу билан бирга, тақдимотда MacBook 12 ноутбукининг янги модели ҳам мухлислар эътиборига ҳавола қилинади.

Қолаверса, ушбу намойишда жамоатчилик эътиборига узоқ кутилган ва компания смартфонларини симсиз қувватлаш мумкин бўлган AirPower қурилмаси, AirPods аудио қулоқчинларини симсиз қувватлаш имконини берувчи кейс станцияни ҳам илк маротаба кўришимиз мумкин бўлади.

Apple компанияси ҳозирча тақдимот борасидаги бошқа тафсилотларни қаттиқ сир тутмоқда.

Таклифномада ўқитувчи ва талабаларга қарата сирли чорлов ҳам мавжуд: "Ўқитувчи ҳамда талабалар учун янги ижодий ғоялар". Эҳтимол, компания таълим тизими учун ҳам бирор инновацион девайсни ҳам тақдим қилса ажаб эмас.

Шу билан бирга, iPhone SE 2 смартфони компаниянинг энг арзон мобил алоқа воситаси бўлади. Бу смартфон 4,2 дюймли IPS-экран, 4 ядроли A10 Fusion (iPhone 7 каби) процессори, 2 ГБ оператив хотира ҳамда 32/128 ГБ доимий хотира билан таъминланади.

Apple iPhone SE 2 (2018) смартфонида iPhone 6s каби иккинчи авлод Touch ID бармоқ изи сканеридан фойдаланилади. Шу билан бирга, мазкур янги моделда 12 мегапикселли бош ҳамда 7 мегапикселли аниқлигида сурат олувчи олд камера модуллари бўлади.

Шунингдек, 13 дюймли MacBook Air ноутбукининг ҳам бу гал нисбатан арзонлиги билан диққатга сазовор бўлиши кутилмоқда. Таниқли ишлаб чиқарувчининг арзон гажетлари эса таълим олувчи ҳамда таълим берувчилар учун айни муддао.

Бу гал янги ва инновацион iPad Pro'ни кўрмасак ҳам, компания бу йил бозор учун ҳамёнбоп iPad (2018) девайсини тайёрлаган кўринади. Мазкур девайс ўтган йилги айпеднинг такомиллашган талқини бўлади. Унинг янада кучли процессор, янги камера ва бошқа ўзига хосликларга эга бўлиши тахмин қилинмоқда.

Бир фурсат аввал эса янги iPhone SE 2 смартфонининг видеода акс этгани тўғрисида хабар берган эдик.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.