Бош вазир ваъда берди: интернет тезлиги камида 10 Мбит/сонияга етказилади! (+видео)

  •   DiMaX
  •  908
  •  10.02.2021 09:36

Бош вазир ваъда берди: интернет тезлиги камида 10 Мбит/сонияга етказилади! (+видео)

2021 йил 5 февраль куни Қозоғистоннинг жанубий пойтахти Олмаотада глобал ва минтақавий рақамли кун тартиби, дунё бўйлаб рақамлаштириш соҳасидаги муаммолар, ечимлар ва сиёсатни шакллантириш ҳамда уларни муҳокама қилишга қаратилган асосий платформалардан бири ҳисобланувчи «Digital Almaty» форумига старт берилди. Бу тўғрида IT-Парк ўз расмий сайтида хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда 2G, 3G, 4G ва 5G технологиялари: Тезкор интернетга улаш қандай кетяпти?

Форумнинг мақсади – COVID-19 шароитида рақамли кун тартиби, пандемия даврида янги рақамли трансформация стратегиялари ҳамда технология соҳасидаги янги тенденцияларни муҳокама қилиш учун минтақавий ва глобал даражада конструктив мулоқот платформасини таъминлашдир.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Россия Федерацияси Бош вазири Михаил Мишустин, Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин, Қирғизистон Республикаси Бош вазири Улукбек Марипов, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Белорус Республикаси Бош вазири Роман Головченко ва бошқалар форумнинг асосий спикерлари сифатида иштирок этишди.

Абдулла Ниғматович ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган барча саноат тармоқлари ва соҳаларга рақамли технологияни жорий этиш бўйича кенг чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигини таъкидлади.

«Ўтган йили рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат ва IT таълимни янада ривожлантириш мақсадида бир қатор стратегик муҳим дастурлар амалга оширилди. Хусусан, қабул қилинган «Рақамли Ўзбекистон» стратегиясига биноан яқин икки йил ичида минтақа ва саноат тармоқларининг рақамли трансформацияси бўйича умумий қиймати 200 миллион долларни ташкил этувчи 280 дан ортиқ устувор лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган», – деди Абдулла Арипов.

ЎҚИНГ: Робот ясаб 22 ёшида «Шуҳрат» медали олган ихтирочи – вазир ўринбосари Олимжон Тўйчиев билан суҳбат

Шунингдек, Бош вазирнинг сўзларига кўра, бугунги кунда барча боғчалар, тиббиёт муассасалари ҳамда 8 мингдан зиёд мактабларда оптик толали алоқа линиялари тортилган ва юқори тезликдаги Интернетга уланиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Рақамли инфратузилмани ривожлантириш учун яқин икки йил ичида 2,5 млрд доллар жалб этилади. Жумладан, Тошкент, Бухоро ва Қўқон шаҳарларида учта янги дата-марказни ишга тушириш, телекоммуникациялар тармоғини кенгайтириш, уяли алоқа тармоқларини модернизация қилиш режалаштирилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ҳудудлардаги уй хўжаликларини камида 10 Мбит/сония тезликда ишлайдиган интернет билан таъминлаш ушбу чора-тадбирларнинг натижаларидан бири бўлади.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 200 дан зиёд электрон хизматлар тақдим этилган ва 30 миллиондан ортиқ электрон хизматлар кўрсатилган.

Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, замонавий қишлоқ хўжалиги технологиялари ва инновацион ечимларни жорий этиш, шу жумладан, сунъий йўлдош технологияларидан фойдаланишни ривожлантириш, интеллектуал тизимлар ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳамда саноат маълумотларини рақамлаштириш учун 600 миллион доллардан ортиқ маблағ жалб қилинади.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда веб-сайт эгаларига муҳим мажбурият юкланмоқда

«Республикада IT таълимни ривожлантириш учун рақамли таълимнинг мутлақо янги вертикал тизимини яратишга қаратилган алоҳида давлат дастури қабул қилинди», – дея таъкидлади Абдулла Арипов.

«Айтиб ўтиш лозимки, юқорида назарда тутилган таълим тизими доирасида ўтган йилда барча ҳудудларда ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўргатишга ихтисослаштирилган бошланғич мактаблари очилди. Ҳозирда бундай мактаблар сони 14 та бўлиб, янги ўқув йили бошига келиб 82 тани ташкил қилади.

Ҳудудларда аҳоли ўртасида рақамли таълим ва кўникмаларни ривожлантириш мақсадида 100 дан ортиқ IT ўқув марказлари ташкил қилинганлиги, сўнгги 6 ой ичида улар орқали 85 мингдан зиёд талабалар ўз билим-кўникмаларини оширганлиги, шунингдек, жорий йил сўнгига қадар яна 106 та марказ очилиши ва шу тариқа республиканинг ҳар бир вилоятида ахборот технологиялари соҳасида ўқитиш учун имконият яратилишини ҳам айтиб ўтмоқчиман.

Бундан ташқари, ўтган йилдан бошлаб ишга тушган «One Million Uzbek Coders» дастури орқали 130 мингдан ортиқ ёшлар компьютер дастурлари бўйича билим эгаллашди ва шу йил охирига қадар ушбу дастурни мактабларда информатика фани билан интеграциялаш ҳисобига тингловчилар сонини 300 мингга етказиш режамизда бор. Жорий йилда ҳам ёшларнинг халқаро IT сертификатларни олиш учун сарфланган харажатларнинг 50 фоизигача қоплаб берадиган тизими жорий этилади. Ушбу йўналишдаги устувор чора-тадбирлардан бири 2025 йилга қадар мамлакатимиз олий ўқув юртларида IT мутахассисликларига қабул квотасини 5 мингдан 15 минггача оширишдир».

Шунингдек, Абдулла Ниғматович IT соҳаси ва рақамли тадбиркорлик ривожи ҳақида гапирди: «Республикада рақамли хизматларга бўлган талабнинг кескин ўсди, масалан, рақамли хизматларга бўлган талаб 2 бараварга ошди. Электрон тўлов тизимларидан фойдаланувчилар сони 14 миллион кишига етди ва бу ўз навбатида мамлакат иқтисодий фаол аҳолисининг 70 фоизидан ортиғини ташкил этади».

Яқин келажакдаги истиқболлар тўғрисида мамлакат ялпи ички маҳсулотида рақамли иқтисодиёт улушининг 2 баравар кўпайтириш мақсадида IT-Паркʼлар очилаётганини ва уларнинг резидентларига 2028 йилгача бир қатор солиқ имтиёзлари ва афзалликлари берилганлиги, шу жумладан, уларни барча корпоратив солиқлардан озод қилиш, шунингдек, резидентлар ишчиларининг даромадлари бўйича солиқ ставкасини 7,5 фоизгача камайтирилганлигини таъкидланди.

ЎҚИНГ: Лазизбекнинг ҳикояси: Қандай қилиб 19 ёшда ойига $1000 дан кўп даромад топиш мумкин?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!