CES 2016: ҳайратомуз гаджетлар шоуси

CES 2016: ҳайратомуз гаджетлар шоуси

6-9 январь кунлари Лас-Вегасда ўтган Электроника истеъмолчилари кўргазмасида намойиш этилган гаджетларнинг инновацион янгилиги ҳамда фойдали хусусиятлари бу саноатнинг яна бир қадам илгарилаганини кўрсатмоқда. Кўргазмада ташриф буюрганлар диққат-марказида бўлган маҳсулотлар билан сизларни таништиришни бошлаймиз.

Аёллар учун ақлли кийим

Кийимларнинг гаджетларга айланаётгани ҳайратланарли. Ушбу доно кийим Сан-Францисконинг OMsignal компанияси томонидан тақдим этилган. У эгасининг биологик ҳолати ва саломатлиги тўғрисида маълумот беради ва танани соғломлаштиришга, саломатлик билан боғлиқ хавф туғилганида уни бартараб этишга оид тавсияларни ишлаб чиқади.

Бу кийим спорт билан шуғулланаётганлар ва тўлишишдан чўчийдиганлар учун учун айни муддао. У масофа, ортиқча калория, юрак уришига оид маълумотларни бериб туради. Кийимни смартфонга илова орқали боғлаш мумкин. У нафасни тўғри олиш, чарчаганда ҳордиқ чиқариш кераклиги каби фойдали маслаҳатларни эслатиб туради. Гаджет эгасининг қад-қомати, биологик тузилиши ёшига қанчалик муносиб эканлигини ҳам айтиб бера олади. Шу билан бирга, у қомат ва елкаларнинг талаб даражасида текис бўлишини таъминлайди.

Уни 2016 йилнинг баҳоридан бошлаб оммавий сотувга чиқариш режалаштирилган. Кийимнинг бошланғич баҳоси тахминан 149 АҚШ доллари.

SCiO

Франциянинг DietSensor стартапининг ушбу гаджети овқатнинг кимёвий таркибини аниқлаш орқали унинг қанчалик калорияли эканини тўппа-тўғри аниқлашга ваъда бермоқда. Лойиҳа мутасаддиларининг айтишларича, кейинчалик бу гаджет атрофимиздаги моддий олам ҳақида тўлиқ маълумот олиш учун жуда керакли буюмга айланар экан.

Молекуляр чўнтак сенсори ҳисобланган бу гаджет овқат ва ичимликнинг таркибини ўрганишда таом молекулаларининг инфра-рангли нурлар, ёки ёруғликка бўлган таъсирчанлигига суянади.

Бу ихчам спектрометрни ўзимиз билан олиб юрсак ҳам бўлади. SCiO сканери 249 АҚШ доллари туради. Унинг иловасини юклаб олиш бепул, аммо илова учун ойлик тўлов миқдори 10 доллар.

Термометр

Withings компаниясининг WiFi технологияси асосида ишлайдиган бу термометрини танага, тери устига қўйиб туриб ҳароратни аниқлаш мумкин. Айниқса, ёш оналар кечки маҳал – гўдаклар ухлаётганида уларни безовта қилмасдан туриб фарзандининг иссиғини ўлчашлари оналар учун қулай. Ҳароратга оид маълумотлар қурилма дисплейида намоён бўлади. Қолаверса, бу гаджет гигиеник қонун-қоидаларга ҳам жавоб беради.

Уни чакка суяги артерияси, яъни пешона қисмининг икки четига қўйган маъқул.  Гаджетда 16 та мустақил инфра-нурли сенсорли датчиклар бор. У 100 АҚШ долларига баҳоланмоқда. Қурилма ҳар секундда танадаги 4 мингта ўзгаришни аниқлаши мумкин.

Оилавий ақлли музлаткич

The Samsung Family Hub Refrigerator гаджетининг йирик, 21.5 дюймли, 1080 пиксел сиғимли дисплейи мавжуд. Унинг олд қисмидаги камера ёрдамида холодильник ичида нималар бор-йўқлигини аниқлаш мумкин. Ҳатто дўкон ёки бозорда ҳам! 2016 йилнинг апрель-май ойларидан сотувга чиқарилиши мўлжалланган инновацион маиший техника воситасининг баҳоси 5 минг АҚШ доллари бўлиши кутилмоқда.

Электрон календарга ошхона билан боғлиқ режалар, қайдлар ва таомномаларни ёзиш, озиқ-овқат дўконларига буюртма бериш, янгилик ва мусиқаларни тинглаш, телевизор кўриш мумкин.

Ақлли тарбиячи ўйинчоқ

Ўтган асрнинг 30-йилларидан бошлаб севимли болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқарган Fisher-Price компанияси ҳам сўнгги вақтларда илғор ғоялардан фойдаланишда анча фаол. Унинг Think & Learn Code-a-Pillar ўйинчоғи шунчаки овунчоқ эмас. У мактабгача таълим ёшидаги болаларга дастурлашнинг бошланғич билимларини беради. 49 АҚШ доллари турадиган қурилма болада мантиқ, ҳисоб-китоб каби жиҳатларнинг шаклланишини таъминлайди. Ундан 3 ёшдан ошган болалар фойдаланишлари мумкин.

Ундаги саккизта рангли қисмлар қурилманинг шунча буйруқ (чап, ўнг, орқага юриш, шовқин чиқариш ва ҳоказо)ни амалга оширишига хизмат қилади.

Ақлли гаджет-душ

SONY DSC

Hydrao Smart Shower ақлли души ваннада ўтириб олиб оби ҳаёт ҳисобланган сувни ортиқча исроф қилишга чек қўяди.  У орқали Bluetooth LE қурилмаси iPhone ёки iPad иловаси ёрдамида ювиниб олиш учун зарур сув миқдорини белгилаш мумкин. Агар фойдаланувчи керагидан кўп сув ишлатиб юборса, LED чироқли гаджет дарҳол бу ҳақда рангини ўзгартириб хабар беради. Бир кишининг ювиниши учун гаджет 30 литр сувнинг фойдаланилишини таъминлайди. Энг қизиғи, гаджет-душ ишлаши учун электр қуввати керак эмас. У қувватни ўзидан ўтаётган сув оқимидан олади. 2016 йилнинг мартида бозорга чиқиши кутилаётган қурилма нархи 99 АҚШ доллари.

Fitbit Blaze

FitBit   компаниясининг Fitbit Blaze янги ақлли соати саломатликни назорат қилиб борадиган навбатдаги ажойиб гаджет. Рангли дисплей, чармдан ишланган боғич ва пўлат бандлар қурилма эгасига замонавийлик дидини туҳфа қилади.

Унинг бош мақсади вақтни кўрсатиш эмас, эгасининг келишган қад-қомати учун қайғуриш. У юрак уришини, ҳаракатни қайд этади. Гаджет орқали қўнғироқларга жавоб бериш ёки рад қилиш мумкин. Қурилма GPS тизимига уланган. У эгаси маъқул кўрган спорт туридан келиб чиқиб, керакли тавсияларни маълум қилади. Гаджет экрани рангли ва сенсор тизимига эга. Унинг нархи 199 АҚШ доллари.

Ақлли кроссовка

Under Armour’s Gemini 2 кроссовкаси сизнинг қадамларингизни ҳисоб-китоб қилади. Сенсор тизимига эга оёқ кийими ёрдамида смартфонсиз ёки бошқа қурилмасиз ҳам машғулотимизга оид статистика билан танишиб боришимиз, машқ қилишимиз мумкин. Кроссовка босилган масофа ва йўқотилган калория ҳақида хабар беради.

Бу кроссовкани март ойининг илк кунларидан сотиб олиш мумкин бўлади. Унинг баҳоси 180 АҚШ доллари.

Ҳомиладорликни аниқлайдиган ақлли гаджет

First Response компанияси уй шароитида ҳомиладорликни аниқлашга ёрдам берадиган ақлли қаламчани тақдим қилди. Бу гаджет Bluetooth ёрдамида смартфонга уланадиган илк ақлли ва ягона қурилма.

Гаджет иловаси киритилган маълумотлар асосида боланинг тахминий туғилиш санаси ҳақида ҳам маълумот беради. Шунингдек, унинг ёрдамида бўлажак оналар “Мени тинчлантир”, “Мени ўқит”, “Дам олишимга ёрдам бер” каби буйруқлар ёрдамида фойдали маълумотлар ўрин олган мақолаларни ўқишлари, видеоларни кўришлари мумкин.

Гаджет 14.99 АҚШ доллари туради.

Ақлли фитнес-трекер

Яна бир фитнес-трекер – Withings Go франциялик ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим қилинди. У арзонлиги ва қуввати узоққа етиши билан рақобатчиларини ортда қолдиради.

Гаджет арзон трекерларга хос бўлмаган қиммат – E-Ink русумидаги дисплейга эга.Гаджет эгасининг кундалик фаолиятини ўрганиб боради. Айниқса, сузиш ишқибозлари учун сув таъсирига чидамли бу қурилма айни муддао. У қачон машқ қилиш кераклиги, ухлаш вақти ҳақида огоҳлантиради. Думалоқ экранда вақт ва натижалар, йўқотилган калория акс этади.

Ақлли трекерни 2016 йилнинг I чорагида сотувга чиқарилишги режалаштирилган. Уни тўла қувватлаб, ўртача 8 ой ишлатиш мумкин. Қурилма нархи 69 АҚШ доллари.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!