Эҳтиёт бўлинг: электрон сигарета тишингиздан айириши мумкин!

Эҳтиёт бўлинг: электрон сигарета тишингиздан айириши мумкин!

Тоборо кенг тарқалиб бораётган электрон сигареталар облитерацион (қон томирларининг ёки бирор орган бўшлиғининг бекилиб, битиб қолиши) бронхит касаллигига дучор қилиши, шунингдек, онкологик касалликлар хавфини ошириши ва жиддий жароҳатларга олиб келиши мумкин.

Бундай қурилманинг хавфи тасдиқланди: электрон сигарета Германиянинг Кельн шаҳрида истиқомат қилувчи одамнинг оғзида портлаб кетди ва уни бир неча тишларидан айирди, деб ёзади The Local.

Воқеа қандай содир бўлди?

Йигирма ёшли йигит махсус дўконга кириб, буғлатгич ва электрон сигаретаси учун аккумулятор сотиб олди. Сотиб олмоқчи бўлган қурилмаларни жойида текшириб кўришга аҳд қилди. Унинг бу уриниш хайрли якун топмади. Синов чоғида электрон сигарета оғзида портлаб кетди. Натижа: куйиш ва юз қисмининг жароҳати, шунингдек, бир неча тишлардан жудолик.

Дўкон ходимлари тез ёрдам чақиришди. Кашанда маҳаллий шифохонага олиб борилди ва полиция ходимлари воқеа юзасида суриштирув бошлади. Ҳозирча мазкур воқеанинг асл сабаблари маълум эмас. Электрон сигаретанинг портлашига ундан нотўғри фойдаланиш сабаб бўлганми ёки қурилмаларнинг носозлиги – шу аниқланмоқда.