Электрон рақамли имзо нега керак ва уни қандай олиш мумкин?

Электрон рақамли имзо нега керак ва уни қандай олиш мумкин?

Кундалик фаолият рақамли платформага кўчар экан, виртуал тармоқда эркин ва хавфсиз, ишончли ҳаракатланиш, шахсни тасдиқлаш ва жараёнларни амалга ошириш учун ҳар бир кишига электрон рақамли имзо керак бўлади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг бугунги қонунчилик талабларига кўра, электрон рақамли имзо бўлмаган тақдирда, давлат органларининг интерактив хизматларидан фойдаланиб, шунингдек Ягона интерактив давлат хизматлари порталида кўрсатиладиган хизматлардан ҳам фойдаланиб бўлмайди. Хусусан, бирор давлат идорасига ариза, мурожаат, таклиф юбориш учун ҳам, сизнинг шахсингизни тасдиқлайдиган, ўзаро ишончли ҳамкорликни таъминлайдиган электрон рақамли имзога эга бўлишингиз керак бўлади.

Электрон рақамли имзо нима?

Электрон рақамли имзо – давлат идоралари билан ўзаро муносабатни ўрнатишда жисмоний ёки юридик шахсга электрон хатти-ҳаракатларини тасдиқлаш учун зарур бўладиган, масъул давлат органи томонидан тақдим этилган, электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгасини идентификация қилиш имкониятини берадиган имзо.

Содда тилда айтсак, бу – шахснинг рақамлардан иборат электрон имзоси ва унинг кучи шахснинг қўлда чекилган имзосига тенглаштирилади.

Электрон рақамли имзо нимага керак?

Электрон рақамли имзо ёрдамида электрон ҳужжатларни имзолаш, масофадан туриб давлат хизматларидан фойдаланиш мумкин.

Электрон рақамли имзо ноёблиги, нусха олиш яъни кўпайтириб бўлмаслиги билан, ҳужжатни имзолаган шахсни тасдиқлаши билан, қалбакилаштиришнинг имконсизлиги билан ўзига хосдир.

Электрон рақамли имзо нимага керак ва ундан фойдаланиш муддати қанча?

Мисол учун, унинг ёрдамида бугун Ягона бпортал орқали кўрсатилаётган 240 дан зиёд интерактив хизматлардан фойдаланиш мумкин.

ЭРИ калити фойдаланувчиси ўзининг калитидан 24 ой муддат мобайнида фойдалана олади. Уни узайтириш учун сиз электрон рақамли имзо калитини олинган Рўйхатга олиш марказига мурожаат қилишингиз зарур.

Электрон рақамли имзо кимларга берилади?

ЭРИ калитларнинг сертификатлари юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари бўйича берилади. Мурожатт қилган шахс рўйхатдан утиш ва ЭРИ калитининг сертификатини олиш учун солиқ хизматлари органларида ҳисобда туриши зарур (солиқ тўловчининг идентификация рақами -СТИРбўлиш керак)

Электрон рақамли имзони қаердан олиш мумкин?

Бугунги кунга келиб, 6 та расмий давлат рўйхатидан ўтган (амалдаги) электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш марказлари фаолият юритиб келмоқда:

  • Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Янги технологиялар илмий-ахборот маркази;
  • Марказий банк Хавфсизлик ва ахборотни муҳофаза қилиш департаменти;
  • Давлат божхона қўмитаси;
  • Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази “UNICON.UZ” Давлат унитар корхонаси;
  • Молия вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-ҳисоблаш маркази Давлат унитар корхонаси;
  • “INTELLECT SOFT” хусусий корхонаси.

Сиз шу марказлардан бирига мурожаат қилишингиз мумкин.

Электрон рақамли имзони қандай олиш мумкин?

Бундан буён тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш чоғида рўйхатга олувчи орган томонидан электрон рақамли имзо калитлари ҳам топширилади.

Агар сиз жисмоний шахс сифатида электрон рақамли имзо олмоқчи бўлсангиз, Ягона порталдаги “Жисмоний шахслар учун электрон рақамли имзо калитлари сертификатларини бериш учун аризаларни қабул қилиш” хизматидан фойдаланинг. Ёки ушбу ҳаволага кириб, шу ердан хизмат кўрсатувчини танланг.

Хизматни кўрсатиш учун қандай ҳужжатлар керак бўлади?

  1. Ўрнатилган тартибда ЭРИ калитини тайёрлаш ёки ЭРИ калити сертификатини бериш бўйича тўлдирилган ва ўз қўли билан имзоланган ариза;
  2. Аризачининг паспорт нусхаси;
  3. Хизмат кўрсатиш учун ариза томонидан тўлдирилган ва ўз қўли билан имзолаган шартнома;
  4. Шартнома бўйича хизмат учун тўлов тўланганлиги квитанцияси ёки тўлов талабномаси.

Ҳар бир хизмат кўрсатувчи томонидан бошқа қўшимча ҳужжатлар ҳам талаб қилиниши мумкин.

ЭРИ олиш учун уни олаётган шахс томонидан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдоридаги тўлов амалга оширилади. Буни Click, MBANK, UPAY тўлов тизимлари орқали онлайн ҳам амалга ошириш мумкин.

Натижа

Аризачига электрон ҳужжат кўринишида ва қоғоз шаклидаги ҳужжат кўринишида юридик ва жисмоний шахсларнинг Электрон рақамли имзолари калитлари сертификатлари берилади.

Инфографика: