FTTX – тезкор интернет технологияси ҳақида билиб қўйинг

FTTX – тезкор интернет технологияси ҳақида билиб қўйинг

Тезлик – интернет тармоғида энг муҳим жиҳат. Интернет қанча тез бўлса, ишларимиз шунча тез битади. Яқин-яқингача оммавий тарзда фойдаланилган Dial-up (дайл ап) модеми ёрдамида телефон тармоғи орқали интернетга уланиш ўз вақтида бир қатор қулайликларга эга бўлган. Шахсий компьютер эгалари мазкур Dial-up (дайл ап) модеми орқали уй телефонларини глобал тармоққа улаганлар. Унинг қулайлиги ҳам шунда бўлган, яъни телефон тармоғи кириб борган, олис ҳудудларда ҳам интернетдан фойдаланиш имконияти бўлган ва нисбатан арзон бўлган. Аммо ушбу модем ёрдамида уланиш телефонни банд қилиб қўйган, алоқа узилиши кузатилган ва интернет тезлиги сониясига 4 кб(килобайт)ни ташкил қилган.

2000 йиллардан бошлаб интернет тармоғига уланишнинг кейинги қулай технологияси ADSL  инглиз тилидан мутаносиб абонент линияси маъносини беради. Яъни уй телефонини ADSL модем орқали интернет тармоғига улаш телефонимизни банд қилмайди, ҳам интернет, ҳам телефондан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш имконияти туғилади. Бу технология ёрдамида сониясига 6 мбит. гача маълумот олиш имконияти туғилди. Dial-up га нисбатан қимматроқ бўлса ҳам, одамлар сифатли интернетни маъқул кўришди. ADSL модеми сониясига 8 мбит (мегабит) гача маълумотлар қабул қила олган.

Аммо тезкор замоннинг фуқароларини бу тезлик қаноатлантирмас эди. Интернетга уланишнинг янги технологияси –  FTTX (fiber to the x – х манзилга қадар оптик алоқа тармоғи) яратилди.

FTTX технологияси ёки оптик алоқа тармоғи орқали сониясига 100 ёки ундан ортиқ мегабит маълумотни олиш имкони мавжуд. Бугун кўп қаватли уйларда ўрнатилаётган, уйга кириш йўлида ўрнатилган кенг полосали телекоммуникация хизматларини кўрсатувчи портларга кўпчилигимиз эътибор бермаган бўлишимиз мумкин. Аммо унутманг, улар ёрдамида сиз тезкор ахборот узатиш, интернет телеканалларни томоша қилиш, масофавий таълим олиш, узоқдаги қадрдонлар билан ёнингиздагидек суҳбатлашиш имконига эга бўласиз.

Яқин-ақингача телекоммуникация тармоғида мисли кабеллардан алоқа линиялари яратилар, бу телекоммуникация тармоғининг асосий инфратузилмасини ташкил этар эди. 80-йиллар охиридан бошлаб рақамли узатиш қурилмалари жорий этилиши натижасида тармоқда FTTX – инглиз тилидан fiber to the x, яъни муайян жойгача оптик толали алоқа тармқолари кенг жорий этила бошланди. Агар оптик алоқа тармоғи биногача кириб борган бўлса, бу – FTTB (building), агар хонадонгача кириб борган бўлса, бу – FTTH (home) технологияси дейилади.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда деярли барча магистрал, зонаичи ва станциялараро алоқада оптик толали алоқа линиялари қўлланилмоқда. Оптик алоқа тармоқларини жорий қилиш режасига кўра, ҳозирча шаҳар ҳудудидаги кўп қаватли биноларда мазкур технология жорий қилинмоқда. Кейинчалик ҳовли, маҳалла ҳудудларида ҳам оптик алоқа тармоқларини ётқизиш режалаштирилган.

Таркибида металл ва шиша компоненти мавжуд оптик толали алоқа линияларининг асосий устунлиги — кенгполосали, юқори тезликдаги трафик (маълумот) узатиш имконияти, ташқи электромагнит таъсирларга кам таъсирчанлиги, юқори сифатида, яъни узоқ вақт хизмат қилишида.

Мисол учун, мис алоқа кабели бир сонияда 2.5 мегабит маълумот узатса, оптик толали алоқа бир сонияда бир террабит ёки бир миллион мегабит маълумотни узатади. Яъни самарадорлик 500 минг маротабага ошади. Оптик толали алоқа линиялари маълумотни ёруғлик тезлигида етказади. Яъни, суратдаги бир боғлам мис кабел қила оладиган ишни ундан бир неча марта кам бўлган оптик тармоқлар бажара олади.

FTTX (эф ти ти икс) технологияси, яъни кенг полосали телекоммуникация хизматларини кўрсатиш ахборот алмашинишда тезкорликка эришишнинг охирги ютуқлари сирасига киради. Энди нафақат интернетдан фойдаланиш, балки интернет каналларни кўриш, видеотелефония хизматидан фойдаланиш мумкин. Унга қанлай уланиш  мумкинлиги ҳақида эса қуйида маълумот берамиз.

Компьютер ёки мобиль алоқа воситаларингизни ушбу технология асосида ишлайдиган интернетга улаш мақсадида бўлсангиз, сиз яшаётган кўп қаватли хонадонга оптик алоқа линияларини олиб келган интернет провайдерини аниқланг ва уланиш шартлари, интернет таърифлари, тезлиги ва ҳудудий қамрови билан танишиб чиқинг.

Кўп қаватли хонадонлар кириш йўлагигача ётқизилган оптик алоқа линиясидан компьютер ёки мобиль ускунагача қўшимча алоқа линияси тортилади. Шу орқали сиз кенг полосали интернет хизматларидан бемалол фойдаланишингиз мумкин. Яна бир аҳамиятли жиҳати, бу тезлик билан хонадонингиздаги бошқа мобиь алоқа воситаларини, мисол учун, планшет, смартфон, нетбук ёки ноутбуклар ёрдамида интернетдан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун Wi-Fi ускунасини ўрнатсангиз кифоя.