“Ҳошиясиз” UMi Touch X смартфони 150 доллардан сотилади

“Ҳошиясиз” UMi Touch X смартфони 150 доллардан сотилади

Хитой смартфон ишлаб чиқарувчилари А-брендлар бешталигига кирар экан, нафақат арзон, балки технологик жиҳатдан ҳам қолишмайдиган қурилмалари билан ўз ўрнини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Албатта, ҳар доим ҳам бу усул муваффаққият келтиравермайди ва сифат жиҳатдан кутилган натижалар қайд этилмайди. Аммо кўп ҳолларда ҳақиқатдан ҳам қизиқарли моделлар дунё юзини кўрмоқда. Umi — ана шундай муваффақиятли ишлаб чиқарувчилардан бири сифатида сўнгги вақтларда шуҳрат қозонмоқда. Компания яқин кунларда навбатдаги Touch X смартфонини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Мазкур смартфоннинг асосий ўзига хослиги шундаки, экранининг ён томонларида ҳеч қандай ҳошия йўқ. Эълон қилинган рендер суратларидан кўриниб турибдики, орқа панел ойнадан, ён томонлари эса металлдан ишланади. Экран остига жисмоний тугмача ўрнатилиб, у бир вақтнинг ўзида бармоқ изи сканери вазифасини ҳам бажаради.

Мавжуд маълумотларга қараганда, смартфон 1920х1080 пиксел ҳажмга эга 5,5 дюймли экран, 3 Гб тезкор хотира ва 4000 мАсоат қувват тоши (аккумулятор) билан таъминланади. Процессор вазифасини саккиз ядроли MediaTek Helio P10 ўташи мумкин. Смартфон нархи 150 долларга баҳоланиб, 20 мартдан ишлаб чиқаришга киришиш режалаштирилган.