HTC Nexus: Google’нинг кейинги смартфони қандай бўлади?

HTC Nexus: Google’нинг кейинги смартфони қандай бўлади?

Nexus туркумидаги янги смартфон тақдимотини фақатгина “Эзгулик корпорацияси” дея ном олган Google, тайванлик ишлаб чиқарувчи HTC мухлислари эмас, Samsung, LG ва ҳатто Apple гаджетлари фойдаланувчиларининг ҳам юқори қизиқишига сабаб бўлмоқда. Боиси, интернет тармоғида қурилманинг жозибали дизайнидан ҳам кўра, унинг камерасининг имкониятлари, унда олинган суратлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ҳозирча қурилма ҳақида турли тахмин ва унинг тасдиқланмаган кўриниши, жиҳатлари ўрин олган тавсифлар эълон қилинмоқда. Охирги видео тавсиф YouTube’нинг ахборот технологияларига бағишланган Techconfigurations каналида эълон қилинди. Унда навбатдаги Nexus’нинг корпуси, аниқ хусусиятлари, тақдим этиладиган куни ҳақида маълумот берилган.

Қурилма кўринишидан Meizu’нинг сўнгги – металл ва шиша уйғунлигидаги дизайнга эга мобиль қурилмаларини эслатади. Уни ҳозирча HTC Nexus Marlin деб аташмоқда.

Nexus

Канал маълумотларига кўра, Nexus 2016 икки талқинда ишлаб чиқарилади. Унинг 5 дюймли талқини FullHD ва 5,5 дюймли талқини QuadHD сиғимли бўлади. Улар AMOLED платформасида ишлайди. Смартфон Snapdragon 821 процессори, 4 ГБ тезкор хотира билан таъминланади.

Тўлиқ металл корпусга эга қурилма янги – Android 7.0 Nougat операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатади. Янги гаджетда бармоқ излари сканери, USB-C туридаги илғор порт татбиқ қилинган.

Nexus 2016’нинг бош камераси 12 МП, олд камераси 8 МП сиғимли бўлади. Унинг аккумулятор сиғими эса 3450 мА соатни ташқил қилади. Тизим Qualcomm’нинг Quick Charge 3.0 стандарти билан таъминланади.

Тасдиқланмаган маълумотларга мувофиқ, янги HTC Nexus мобиль телефон аппаратлари жорий йилнинг сентябрь ойидан сотувга чиқарилади. Норасмий хабарларга кўра, уларнинг нархи 400-700 АҚШ доллари бўлиши кутилмоқда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!