Huawei 10 нафар ТАТУ талабасининг Хитойда ўқишини молиялаштирди

Huawei 10 нафар ТАТУ талабасининг Хитойда ўқишини молиялаштирди

Huawei компаниясининг кўмаги билан Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг 10 нафар талабаси компания томонидан Хитойда ташкил қилинаётган “Seeds for the Future”, яъни “Келажак ниҳоллари” деб номланган 2 ҳафталик курсларда иштирок этмоқда.

Лойиҳа жараёнида ахборот технологиялари соҳасининг бўлажак мутахассислари ахборот-коммуникация технологиялари, мобил интернет, кибер хавфсизлик, телекоммуникация муҳандислиги йўналишларида айни пайтда кенг қўлланилаётган замонавий билим ва тажрибалар билан танишадилар.

Тошкент ахборот технологиялари университети Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги яқин ва ишончли ҳамкорларидан ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, компаниянинг аксарият муҳандис ва мутахассислари айнан шу университет битирувчилари саналади. Бир неча йиллардан буён Huawei университетнинг иқтидорли талаба ва ёш олимларини рағбатлантириб келади. Кейинги 5 йил давомида ҳам бу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш назарда тутилган.