Huawei'нинг янги авлод Nova смартфонлари серияси бу сафар учта моделни ўз ичига олади

Huawei'нинг янги авлод Nova смартфонлари серияси бу сафар учта моделни ўз ичига олади

Huawei компанияси ўз ватанида яна бир қатор смартфонларни тақдим қилди. Бу Nova 11 серияси бўлиб, у илк маротаба учта моделни ўз ичига олмоқда: Nova 11, Nova 11 Pro ва Nova 11 Ultra. Уларнинг уччаласи ҳам Qualcomm'нинг Snapdragon 778G чипсети билан жиҳозланган, лекин улар 4G билан чекланган.

Huawei Nova 11 Pro ва Huawei Nova 11 Ultra

Huawei Nova 11 Pro ва Huawei Nova 11 Ultra моделлари бир-биридан ташқи кўринишда ҳам, ички техник хусусиятларда деярли фарқ қилмайди. Уларни бир-биридан ажратиб турадиган асосий хусусият Ultra'нинг сунъий йўлдош орқали икки томонлама алоқани қўллаб-қувватлашидадир.

  Huawei Nova 11 Pro Huawei Nova 11 Ultra
Ўлчамлари ва оғирлиги

164.24×74.35×7.88 мм
188 грамм

Экран

6.78 дюйм, OLED
2652×1200 пикселлар ўлчами (FHD+)
120 герц янгиланиш тезлиги

Чипсет

Qualcomm Snapdragon 778G (4G)

Операцион тизими

Harmony OS 3

Орқа камералари

50 MP асосий
8 MP ултра-кенг макро
лазер фокус & ўн каналли ҳарорат рангги сенсори

Олд камера

60 MP ултра-кенг
8 MP портрет ва яқинлаштириш учун

Батарея & зарядланиш

4500 мА/с, 100 Вт

Иккала смартфонларнинг ҳам олд экранлари ён томонлари бироз қайрилган дизайнга эга ва бу экранни Kunlun ойнаси ҳимоя қилади. Экраннинг чап юқори бурчагида сиз иккилик селфи камералар жойлашган узунчоқ тирқишни кўрасиз. Улар асосийси (ўнг томондагиси) 100° кўриш майдони эга бўлса, иккинчиси (чап томондагиси) 2× ва 5× зум қобилятига эга.

Орқа томонда сиз яна учта камераларни кўришингиз мумкин. Гарчи мегапикселлари бир хил бўлса ҳам, Pro ва Ultra моделларнинг асосий камералари турлича хусусиятларга эга. Масалан, Ultra моделнинг 50 MP асосий камераси f/1.4 дан f/4.0 гача ўзгара олади. Pro моделнинг 50 MP асосий камераси эса f/1.9 ўзгармас диафрагмада. 8 MP камера ва қолган қўшимча сенсорлар эса икковида ҳам бир хил. 

Айтиш керак бўлса, Nova 11 Pro ва Nova 11 Ultra смартфонлари хотира конфигурацияларида бироз фарқ қилади ёхуд Ultra фақат 512 GB хотира билан таклиф қилинса, Pro моделни сиз ҳам 512 GB, ҳам 256 GB хотира вариантларида топишингиз мумкин. Қолаверса, Huawei Nova 11 Ultra фақат ўзига хос нақш туширилган чарм билан қопланган яшил ва қора, Huawei Nova 11 Pro эса худди шундай қора ва шу билан бирга шиша орқа томонли оқ ва олтин рангларда сотувга чиқарилади.

Huawei Nova 11

Юқори моделлардан фарқли ўлароқ бошланғич модел, Nova 11 нинг ўзи ихчамроқ (161.29×74.96×6.88 мм) ва енгилроқдир (168 грамм). Унинг 6.7 дюймли теп-текис OLED экрани худди iPhone'лардагидек ҳар томондан бир хил қалинликдаги (1.59 мм) рамка билан ўралган. FHD+ (2412×1084) пиксел резолюциясидаги дисплей 120 герц янгиланиш тезлигига эга.

Экран юқори марказидаги юмалоқ тирқишда жойлашган тирқиш 4К видеолар оладиган 100° кўриш майдонига эга 60 MP селфи камерани ўз ичига олади. Орқа томондаги учлик камера тизими эса Pro моделники билан бир хил. Қурилманинг 4500 мА/с батареясини 66 Вт тезликда 31 дақиқада тўлиқ қувватлаш мумкин. Huawei Nova 11 модели ҳам яшил, қора, тилла ва оқ рангларда таклиф қилинади, лекин у пластик билан қопланган.

Қўшимчасига уччала смартфонлар NFC, Wi-Fi 6, Bluetooth 5.2 технологияларини қўллаб-қувватлайди экран остида бармоқ изи сканерига эга. Смартфонларда 3.5 миллиметрли наушник уяси мавжуд эмас.

Нархлар қуйидагича:

  • Huawei Nova 11 (128 GB) – 2499 юан ёки ≈364 доллар
  • Huawei Nova 11 (256 GB) – 2799 юан ёки ≈407 доллар
  • Huawei Nova 11 (256 GB, Kunlun ҳимоя ойнали варианти) – 2999 юан ёки ≈436 доллар
  • Huawei Nova 11 (512 GB, Kunlun ҳимоя ойнали варианти) – 3399 юан ёки ≈495 доллар
  • Huawei Nova 11 Pro 256 GB – 3499 юан ёки ≈509 доллар
  • Huawei Nova 11 Pro 256 GB, Kunlun ҳимоя ойнали варианти – 3699 юан ёки ≈538 доллар
  • Huawei Nova 11 Pro 512 GB – 3999 юан ёки ≈582 доллар

  • Huawei Nova 11 Ultra 512 GB, Kunlun ҳимоя ойнали варианти – 4499 юан ёки ≈655 доллар 

Смартфонлар учун аллақачон олдиндан буюртма бериш бошланган. Сотувлар 26 апрелдан бошланади.