Intel ўзининг "Celeron" ва "Pentium" бренд номларини ўзгартимоқда

Intel ўзининг

Компютер танлашда эътибор бериладиган энг муҳим нарсаларнинг бири бу унинг процессоридир, лекин уларнинг моделлари ва номларининг турли-туманлиги сабаб юзага келган чалкашлик ўзингизга керакли процессорни танлашни қийинлаштиради. Аммо, кейинги йилдан бу жараён бироз бўлсада юмшаши мумкин.

Intel компанияси бюджет ноутбуклар учун Celeron ва Pentium бренд номлари остида процессорлар тақдим қилади. Бироқ, кейинги йилдан бошлаб сиз бундай бренд номли Intel процессори билан жиҳозланган ноутбукларини кўрмайсиз, чунки компания уларни ўзгартирмоқда.

Маълум бўлишича, 2023 йилда Celeron ва Pentium бренд номларини "Intel Processor" номи эгаллайди. Бу эса харидорларга ноутбук сотиб олаётган процессор танлашни осонлаштириши айтилмоқда.   

"Янги Intel Processor бренди бизнинг таклифларимизни соддалаштиради, шунда фойдаланувчилар ўз эҳтиёжлари учун тўғри процессорни танлашда эътиборларини бир ерга жамлашлари мумкин." дейди Жош Нюман, Intel вице-президенти.

Ушбу замонавийлаштирилган бренд архитектураси билан Intel ўзининг флагман брендлари: Intel Cоре, Intel Evo ва Intel vPro брендларига эътибор қаратишини маълум қилган.

Pentium бренд процессорлари илк маротаба 1993 йилда юқори даражали компютерлар учун чиқарилган эди. Кейинчалик эса, Intel уни ўрта даражали ноутбуклар учун чиқаришни бошлаган. Celeron бренди эса чўнтакбоп ноутбуклар учун биринчи марта 1998 йилда Pentium II чипларига асосланган ҳолда чиқарилган. Бугунги кунда ундан фақат Chromebook'лар ва бюджет ноутбуклар учун фойдаланилади.

ЎҚИНГ: Galaxy смартфонлари ҳам сунъий йўлдошга уланиш хусусиятига эга бўлади