iPhone 7 ўрнига 2017 йилда iPhone 8 тақдим этилади

iPhone 7 ўрнига 2017 йилда iPhone 8 тақдим этилади

Apple янгиликларини тадқиқ қилувчи Barclays инсайдерининг таниқли эксперти Марк Московицнинг маълум қилишича, бу йил iPhone 7 смартфони у қадар ҳам шов-шув билан тақдим қилинмайди ва компания 2017 йилда айфоннинг тақдим этилганига 10 йил тўлиши муносабати билан биратўла янада сермаҳсул iPhone 8 мобиль телефонини намойиш қилишни режалаштирган.

Гап шундаки, сентябрь ойида жамоатчиликка намойиш қилиш режа қилинган iPhone 7 олдинги йилги айфонлардан у қадар ҳам фарқ қилмайди. Аниқроғи, унинг янада юпқа металл корпусида 3.5 миллиметрли аудио қулоқчин коннектори мавжуд бўлмайди.

Шунингдек, iPhone 7’да тасвирга олиш кўникмаси ҳам бирмунча оширилган бўлади. Кузда намойиш қилинадиган iPhone 7 ва iPhone 7 Plus флагманлари қўш камералар билан таъминланган бўлиши ҳам мумкин.

MacRumors нашрининг ёзишича, Apple 2017 йилда кенг инновациялар асосида ишлаб чиқариладиган iPhone 8 смартфонини сотувга чиқаришни мўлжалламоқда. Унинг ҳозирданоқ келаси йилнинг энг яхши мобиль қурилмаси бўлиши тахмин қилинмоқда.

apple

Инсайдернинг ёзишича, янги флагманда дизайн тубдан ўзгариб, у OLED-дисплей билан таъминланади. Apple’нинг ўтган ҳафтада 100 миллион дона OLED-панелларига буюртма бериши бу тахминга асос бўлган. Инновациялашган қурилмада “Home” бош тугмаси бўлмайди, унинг ўрнига сенсорли тугмадан фойдаланилади.

Яна бир муҳим ўзига хослиги шуки, iPhone 8 ҳам Galaxy каби симсиз қувватлаш тизимига эга бўлади.

KGI Securities компанияси эксперти Минг-Чи Куонинг айтишича, компания янги айфонда алюминий корпуслар ўрнига шишадан фойдалана бошлайди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, iPhone 7S тақдим қилинмагани боис 2015 йилда iPhone савдоси 1,8 %га тушиб кетган. Ўз навбатида, янги iPhone 8 қурилмаси ёрдамида компаниянинг савдо ҳажми 2017 йилда 10,7 %га ошиши мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.