iPhone 8 ва iPhone 8 Plus учун олдиндан буюртма бериш бошланди

  •   DiMaX
  •  533
  •  15.09.2017 16:16

iPhone 8 ва iPhone 8 Plus учун олдиндан буюртма бериш бошланди

Apple компанияси ўзининг янги авлод смартфонлари учун айрим мамлакатларда аввалдан буюртмаларни қабул қила бошлади, деб ёзади Ferra.ru.

Жорий йилнинг 12 сентябрида тақдим этилган iPhone 8 ҳамда 8 Plus моделлари, бундан олдинги iPhone 7 ва 7 Plus билан солиштирганда, айтарли фарқ қилмайди. Ҳар ҳолда, «юбилей айфони» – iPhone X ҳам таққосланганда, саккизинчи авлод смартфонларининг ўз «аждод»идан ажралиб турувчи жиҳатлари кам экани яққол равшан бўлади. iPhone X флагмани учун олдиндан буюртмалар эса кейинроқ – 27 октябрдан қабул қилина бошлайди, уни етказиб беришга эса 3 ноябрдан киришилади.

iPhone 8 ва iPhone 8 Plus корпус рангига кўра кумуш, самовий-кул ранг, тилла рангли талқинларда тақдим этилади. Хотираси ҳажмига келсак, унинг ички хотираси 64 ва 256 гигабайтлик версияларда ишлаб чиқарилади.

Айни бугунги кундан – 15 сентябрдан саккизинчи авлод iPhone’лар учун Австралия, Австрия, Бельгия, Канада, Хитой, Дания, Финляндия, Франция, Германия, Гонконг, Ирландия, Италия, Япония, Люксембург, Мексика, Нидерландия, Янги Зеландия, Норвегия, Португалия, Пуэрто-Рико, Сингапур, Испания, Швеция, Швейцария, Тайвань, БАА, Буюк Британия, АҚШ ва Виргин оролларида олдиндан буюртма бериш мумкин. Сотувлар эса 23 сентябрь – кейинги жума куни бошланади.

Энг муҳими – нархлар масаласига келсак, 64 гигабайт хотирага эга бўлган iPhone 8 ва iPhone 8 Plus баҳоси тегишлича $699 ҳамда $799 дан бошланади. Доимий хотираси 256 гигабайтга тенг бўлган саккизинчи авлод айфонлар учун эса тегишлича $849 ва $949 дан бошланувчи тўловлар талаб этилади.

Россияда бу икки модел смартфонлари савдолари 29 сентябрда старт олади. 64 гигабайтлик iPhone 8 нархи 56 990 рубль, 256 гигабайтлиги эса – 68 990 рублдан бошланади. iPhone 8 Plus’нинг ички хотираси 64 ҳамда 256 ГБ бўлган талқинлари тегишлича 64 990 ва 76 990 рублдан бошланган нархларда сотилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.