iPhone X билан 99 фоизга бир хил илк смартфон 240 доллардан тақдим этилди

  •   DiMaX
  •  2865
  •  09.02.2018 09:53

iPhone X билан 99 фоизга бир хил илк смартфон 240 доллардан тақдим этилди

ҳозир – Apple’нинг юбилей айфони дизайнида смартфонлар яратиш ишлари айни қизиган палла. Кечагина бу борадаги биринчи муваффақиятли натижалардан бири – UMIDIGI Z2 модели ҳақида ёзгандик.

ЎҚИНГ: iPhone X’нинг чорак нархида унинг илк ҳақиқий «кушанда»си намойиш этилди!

Бугун эса «осмон ости салтанати»дан шу борада яна бир янгилик чиқди – бу гал аввал умуман номини ҳеч ким эшитмаган OWWO компанияси бирданига «ярқ» этиб балқиди. У купертиноликларнинг суперфлагманини дизайнини 99 фоиз аниқликда такрорловчи дунёдаги биринчи смартфонни тақдим этди.

Бошқа клонлардан фарқли равишда, OWWO X русумли бу телефон iPhone X’га кўп жиҳатдан яқин. Жумладан, худди Apple юбилей айфонидаги каби, унинг 5,7 дюймли экрани тепасида ҳам «кемтик» мавжуд. Гарчи дисплей IPS технологияси бўйича ишланган эса-да, унинг тасвир аниқлиги Full HD+ форматида – 1920х1080 пикселли.

Ишлаб чиқарувчининг расмий сайтида таъкидланишича, OWWO X смартфонига 64 битлик MediaTek процессори қўйилган. У 2,5 гигагерц такт частотасида ишловчи нақ ўнта ядрони ўзида бирлаштирган!

OWWO X’нинг 16 мегапикселли асосий камераси қўшалоқ бўлиб, унинг орқа корпусда жойлашуви худди купертиноликнинг суперфлагманидаги кабидир. Смартфоннинг тезкор хотирасининг ҳажми 3 гигабайт, доимий хотираси ҳажми эса 32 гигабайтни ташкил этади. Қурилмани 3180 мА/соат сиғимли аккумулятори қувват билан таъминлайди.

Ушбу Android-клон тўртинчи авлод уяли алоқа тармоғида ишлаш учун LTE модули билан жиҳозланган. Смартфон Android операцион тизимининг 7.0 Nougat талқини бошқаруви остида ишлайди.

OWWO X расмий нархи 1499 юанга тенг, бу эса тахминан 240 АҚШ долларига яқин. Расмий маълумотларга кўра, компания келажакда бу телефонни  1/16 ГБ ва 2/32 ГБ хотирага эга модификацияларда ҳам савдога чиқармоқчи. Улар янада арзон нархли ва сал заифроқ процессорга эга бўлиши табиий.

Ҳозирча мазкур клон-смартфонга фақат Хитойда, ишлаб чиқарувчининг расмий сайти орқалигина буюртма бериш мумкин. Балки, ўшанда ушбу «хитойча iPhone X»ни онлайн савдо платформалари орқали харид қилиш имкони ҳам пайдо бўлса керак.

ЎҚИНГ: AliExpress’даги товарларга «Terabayt.uz» орқали буюртма беринг!

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.