Жадал ривожланиши кутилаётган 5 та технологик йўналиш 

Жадал ривожланиши кутилаётган 5 та технологик йўналиш 

Янгилик манбаалари

Ижтимоий тармоқ ва мессенжерларнинг турмуш тарзимизда янгилик тарқатувчи восита сифатида аҳамияти ошиб бормоқда. Мисол учун, Pew Research тадқиқот маркази ўтказган сўровга кўра, Twitter ва Facebook фойдаланувчиларининг 63 фоизи янгиликларни айнан шу тармоқлардан олишар экан. Одамларни дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар билан тезкор таништириш мақсадида, Flipboard ёки Apple News каби янгилик етказувчи илова ҳамда платформалар ишлаб чиқилган.

Facebook, Twitter, Snapchat каби ахборот тармоқлари моддий шаклдаги ахборот тарқатувчиларнинг фаолиятига таъсир кўрсатмоқда. Ахборот олиш инсоннинг бош эҳтиёжи эканини ҳисобга олсак, унинг қулайлашуви ҳам йирик технологик ҳодисадир.

“Twitter Moments” хизмати дунё янгиликларини улар содир бўлишидан дақиқалар ўтиб ўқувчиларга етказади. Twitter’нинг Periscope иловаси эса янгиликларга оид жонли видеоларни кузатиш имконини беради.

Facebook’нинг “Тезкор мақолалар” хизматида эса бугунги кунда 20 та медиа компаниялар мақолаларини тўғридан-тўғри эълон қилишмоқда.

Фото ва видеони илова қилган ҳолда янгилик алмашиш имконини берувчи Snapchat иловаси 17 та медиа каналларни бирлаштирган. Сўнгги вақтларда бу хизмат ўз ҳудудида оммавий ахборот воситалари учун имтиёзли хизматларни таклиф қилиб, уларни қўллаб-қувватламоқда.

VR – Виртуал воқелик

Виртуал воқелик технологияси келажакка дахлдор орзу эмас. Яқин-яқингача ҳам унинг назарияси ва тахминий эскизлари ҳақида гапирилган бўлса, бугун унинг аппарат қурилмаси ҳам дастурий таъминотлари ҳам мавжуд ва улар такомиллашмоқда.

2014 йилдан Google смартфон ёрдамида турли виртуал муҳитда сайр қилиш имконини берувчи VR дубулғасини тақдим қилган эди.

Facebook таркибидаги Oculus Rift компанияси томонидан жорий йилнинг март ойида нархи 600 АҚШ доллари бўлган янада инновацион виртуал саёҳат қурилмасининг тақдим этилиши кутилмоқда.

Ҳозирча кўнгилочар қурилмадан кейинчалик тиббиёт, бинокорлик ва саноатда кенг фойдаланиш имконияти яратилишини ҳисобга олсак, яқин йилларда бу технологияниг ўсиш суръати жадаллашади.

Видео ўйинлар

2016 йилда видео ўйинларга эҳтиёж янада ошади. SuperData Research маркази жорий йилда фойдаланувчилар томонидан бунинг учун тахминан 5.1 миллиард АҚШ доллари сарфланиши кутилаётгани ҳақида хабар берган.

Видео ўйинлар ҳажмининг йириклиги фойдаланувчиларнинг энг катта муаммоси. Шу сабали, ишлаб чиқарувчилар мазкур ўйинларни “булутли инфратузилма”, яъни масофавий маълумотни қайта ишлаш марказига жойлаштиришни маъқул кўришмоқда ва бу фойдаланувчига масофадан туриб катта ҳажмдаги ўйинларни юқори сифатда ўйнаш имконини беради.

Медиа узатиш технологияси

Янги технология ва телекоммуникация алоқа тармоқлари катта ҳажмли видеоларни ҳам қисқа муддатда етказиш имконини берди. Натижада, интернет тармоғида бепул ёки арзон видео узатувчи веб-каналлар пайдо бўла бошлади.

Бунинг учун провайдернинг махсус медиа плеерини сотиб олсангиз бўлди. Бу қурилма интернетдаги провайдер видеосини телевизорингизга ҳатто 4K Ultra HD форматида ҳам олиб беради. Бу каби қурилмаларнинг нархи 100-140 АҚШ доллари ҳисобида бўлади.

Қолаверса, ойлик тўлов асосида 20 та канални бир ой давомида ўртача 20 АҚШ долларига кўриш мумкин. Шу йўналишда хизмат кўрсатувчи Sling TV 2015 йилда 250 минг фойдаланувчидан ҳар ойда 5 миллион АҚШ доллари миқдорида даромадга эга бўлган. Шунингдек, кўпчилик провайдерлар ҳам каналларни томоша қилиш имконини берувчи шахсий иловаларини эълон қилишмоқда.

Бугун интернет тармоғида The Apple TV 2, Roku ва Amazon Fire каби оммабоп медиа узатувчилар мавжуд.

Бу каби каналларда рекламадан пул ишлаш имконияти кабелли ва рақамли телеканалларникидан юқори эканини ҳисобга олсак, уларни ривожлантиришга катта маблағ сарфланишини тушуниш мумкин.

Иқтисод ва технология

Иқтисод ва технология омухталиги бугунги қулайликларнинг бош мезони. Банк-молия тизими, айниқса ахборот-коммуникация технологияларига жуда муҳтож. Жаҳон банклари, халқаро молиявий муассасалар бу йўналишдаги лойиҳаларни молиялаштиришга юқори эътибор қаратишган.

Goldman Sachs инвестиция банкининг маълум қилишича, технологияни иқтисодга қўллаш билан боғлиқ стартаплар учун йил давомида 4.7 трлн АҚШ доллари сарфланиши мумкин. 2014 йилда иқтисод ва технологияни уйғунлаштиришга бағишланган лойиҳалар учун 12 млрд АҚШ доллари сарфланган.

WePay, Affirm, Betterment  ҳамда  савдо-сотиқ тизимида технологиядан унумли фойдаланаётган бошқа йирик халқаро компаниялар 2.5 миллиард нафар мижозларга хизмат кўрсатмоқдалар.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!